“Беш ташаббус олимпиадаси”: Самарқандлик ёшлар 13 та олтин, 1 та кумуш ва 9 та бронза медалини қўлга киритди

“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилаётган 300 нафардан зиёд ёшлар 19 йўналишда спорт мусобақалари ва танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгалламоқда.

Хусусан, олимпиада доирасида шашка бўйича “А” лига баҳсларининг 16-21 ёш тоифасида иштирок этган Самарқанд шаҳар Ипак йўли маҳалласида яшовчи Шаҳризод Ҳамидов мусобақада иккинчи ўрин билан кумуш медалига сазовор бўлди. Мазкур ёш тоифасида стол тенниси бўйича хотин-қизлар ўртасидаги  “А” лига мусобақаларида Паст Дарғом тумани Олмазор маҳалласи шарафини ҳимоя қилган Нурхон Алламуродова эса олтин медалга эга чиқди.

Енгил атлетика бўйича ўғил болалар ўртасида ўтказилган “А” лига баҳсларининг 16-21 ёш тоифасида Ургут тумани Ўрамас маҳалласи ёшлари ҳамда 27-30 ёш тоифасида Каттақўрғон шаҳар Амир Темур маҳалласи ёшлари республика биринчилигини қўлга киритган бўлса, 16-21 ёш тоифасида Оқдарё тумани Амир Темур маҳалласи хотин-қизлари учинчи ўрин билан кифояланди.
Стритбол бўйича “А” лига баҳслари натижасига кўра, ўғил болалар ўртасида 27-30 ёш тоифасида Самарқанд тумани Туркман маҳалласи ёшлари мутлақ ғолиб деб топилди. Шу лига баҳсларининг 22-26 ёш тоифасида Тойлоқ тумани Хўжаюз маҳалласи хотин-қизлари учинчи ўринни банд этди.

Умумжамоа ҳисобида самарқандлик ёшлар “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг ҳозирга қадар ўтказилган республика мусобақаларида 13 та олтин, 1 та кумуш ва 9 та бронза медалини қўлга киритди. Айни пайтда беллашувлар давом этмоқда.
Олимпадада 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киртиган ёшлар спорт турлари ва танлов йўналишларига қараб, миллий терма жамоа таркибига сараланади ва уларнинг маҳалласига спорт майдончалари қуриб берилади.