Бибихоним бунёдкор малика бўлган

Темурийлар хонадонига мансуб маликалар ҳақида гап кетар экан, Амир Темурнинг умр йўлдоши, ўзининг юксак идроки, фаросати, ақл-заковати, ҳусни-малоҳати билан Соҳибқироннинг алоҳида ҳурматига сазовор бўлган, унинг томонидан «Каттахоним» ёки «Бибихоним» унвонига лойиқ кўрилган Сароймулк хонимнинг номи алоҳида тилга олинади.

Сароймулк хоним Чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилган. Қозонхон тахтдан маҳрум бўлиб, қатл этилган чоғда Сароймулк хоним энди беш ёшда эди. У балоғатга етгач, 1355 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Қозонийнинг набираси Амир Ҳусайн уни ўз никоҳига олади. 1370 йилда Соҳибқирон Амир Темур билан кечган жанглардан бирида Амир Ҳусайн мағлубиятга учраб, қатл этилгач, Мовароуннаҳр тахтини Амир Темур эгаллайди. У Амир Ҳусайннинг хотинларидан тўрттасини ўз никоҳига олади, уларнинг орасида Сароймулк хоним ҳам бор эди. Амир Темур Сароймулк хонимни ўз никоҳига киритгач, Кўрагон (хоннинг куёви) унвонига сазовор бўлади.    

Амир Темурнинг Сароймулк хонимга бўлган эътибор ва муҳаббати туфайли у саройда юксак мартабага эришади. У давлатнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этади ва доно маслаҳатчига айланади. Амир Темур унга шаҳзодалар тарбиясини ҳам ишониб топширади.  

У Амир Темурдан рухсат сўраб, бир мадраса барпо этишга киришади, машҳур меъмор ва наққошларни жалб қилади. Бу мадраса Мадрасаи Хоним номи билан шуҳрат қозонган.

Мадраса 500 йилдан кўпроқ вақтдан буён тарихий ва илмий асарларда тилга олинади, у ҳақда турлича фикр-мулоҳазалар баён этилади: баъзилар шундай мадраса бор эди, дейишса, бошқалар унинг бўлганлигини шубҳа остига олади ёки бу ҳақда бирон маълумот келтирмайди.

ХV аср ва ундан кейинги даврларда яратилган тарихий ҳамда эсдалик асарларни кўздан кечирар эканмиз, уларда Бибихоним мадрасаси - Мадрасаи Хоним ҳақида қизиқ маълумотларга дуч келамиз. Жумладан, Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асарида Амир Темур қурдирган жоме масжиди тилга олиниб, унинг тасвири келтирилади-ю Бибихоним мадрасаси ҳақида бирор маълумот берилмайди. ХV асрнинг 20-40 йилларида юқорида эслатилган асардан фойдаланиб ёзилган Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» ва мавлоно Фасиҳ Ҳавофийнинг «Мужмали Фасиҳий» асарида жоме масжид билан бирга Мадрасаи Хоним ҳам тилга олинади ва у билан боғлиқ бўлган айрим маълумотлар келтирилади. Бундай маълумот 1403-1406 йилларда Самарқандда бўлган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг машҳур кундалигида ҳам мавжуд.

Клавихо масжид қурилиши билан боғлиқ қуйидаги маълумотни келтиради: «Подшоҳ фармойиши билан хотини Канё (Сароймулк хоним) Бибихонимнинг волидаси шаънига қуриладиган масжид шаҳардаги энг муҳим бино бўлиши лозим эди. Қуриб битказилган масжидни кўрган подшоҳ олдинги деворнинг пастқам қилиб қурилганидан норози бўлди ва уни бузишни буюрди. Ишни тезлаштириш учун подшоҳ қурилишнинг бир қисми устидан шахсан ўзи назорат қилишини айтиб, иккинчи ярми устидан назоратни ўз аъёнларига топширди.

Амир Темур 1399 йил 29 апрель куни Ҳиндистон юришидан Самарқандга қайтиб келади. У Ҳиндистонда Мундин саломат қайтиб Самарқандга борсам, анда масжиди жоме солғайман", деган ниятни дилига туккан эди. Дарҳақиқат, Бобур айтганидек, Оҳанин дарвозасига яқин ерда жоме масжид биносига тамал тоши қўядилар. Бу кун санаси 1399 йил 11 майга тўғри келади. Масжид қурилишини шахсан Амир Темурнинг ўзи назорат қилиб туради. Давлат ишларини эса Бибихоним мадрасасидан туриб бажаради. Аммо давлатнинг ғарбий ҳудудларида юзага келган вазият туфайли яна сафарга отланади.

Қурилиш ишлари Соҳибқиронсиз ва унинг назоратисиз давом эттирилади. 1404 йилда беш йиллик юришдан кейин Самарқандга қайтган Амир Темур масжидни кўргач, кўнгли тўлмайди, чунки масжидни дарвозаси унинг қаршисидаги Бибихоним мадрасаси дарвозасидан анча паст бўлган эди

Аммо ХV аср манбаларида бу иморатнингбевосита вазифасига кирадиган фаолияти ҳақидаги, яъни мадраса сифатида унинг толиби илмлари, дарсўтган мударрислари ва шунга ўхшаш масалаларҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди.

Энди Сароймулк хоним мадрасасининг кейинги тақдири ҳақида айрим маълумотларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Амир Темурнинг жоме масжидидан ҳам ҳашаматлироқ, меъморчилик ва наққошлик нуқтаи назаридан ундан устунлик қилувчи Мадрасаи Хонимнинг ўз вақтида тезкорлик билан, шошилинч тарзда бино этилиши унинг кўп ўтмай харобага айланишига олиб келган.

Сароймулк хоним мадрасасининг кейинги даврдаги тақдири ҳақида кўплаб тарихчи олимлар қатори Л.Манковская «Бибихоним мадрасаси ХVII аср охирларида Бухоро амири Абдуллахон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди», деган фикрни билдирдиган. Аммо баъзи манбаларга асосланиб, Сароймулк хоним мадрасаси ХVII аср охирида Абдуллахон II нинг буйруғига биноан таг-туги билан бузиб ташланди, деган  фикрга таҳрир киритган маъқул. Кейинчалик Сароймулк хоним мадрасаси тақдирида фожиа юз беради: ХVIII асрда ва ундан кейинги даврда ёзилган китобларда бу мадраса тилга олинмайди. Жумладан, 1834 йили Абул Тоҳирхўжа томонидан яратилган Самарқанд ва унинг ёдгорликларига доир «Самария» китобида Амир Темурнинг жоме масжиди, Мирзо Улуғбек, Тиллакори мадрасалари ва бошқа обидалар тилга олинса-да, аммо Сароймулк хоним мадрасаси бирон жойда эсланмаган.

Демак, бу вақтда мадраса таг-туги билан бузилган кўринади. Кўплаб тарихий манбаларда ХVII асрнинг ўрталари ва иккинчи ярмида Мовароуннаҳр, жумладан, Самарқандда катта фатарот (харобалик)юз берганлиги тилга олинади. ХVII асрнинг бошларида анча хароб ҳолга келиб қолган Сароймулк хоним мадрасаси ана шу вақтда бутунлай вайрон бўлган бўлиши мумкин.  

Сароймулк хоним мадрасаси ичида қурилган хонақоҳда онасининг ва темурийлар сулоласидан бўлган бошқа аёлларнинг мақбараси бўлиши мақсад қилинганлиги ҳақидаги тахминлар ҳам мавжуд. Бир вақтлар ғоят катта бўлган бу мақбара тарихда «Бибихоним мақбараси» номи билан маълум бўлган. Мақбаранинг сақланиб қолган қисми саккиз қиррали бино бўлиб, унинг тагидаги сағанада тош тобут қилинган. 1941 йилда олимлар, археологлар ва антропологлардан иборат махсус комиссия тобутни очиб кўрдилар. Машҳур олим М.Герасимов унда ёш бир аёлнинг жасади кўмилганини аниқлади. Аммо унинг шахси аниқланмади.  

Ҳозирги кунда археологлар Бибихоним мадрасасининг таг девор қисмини аниқлади, унингўрта қисмида жойлашган Бибихоним мақбараси эса зиёратгоҳга айлантирилган.

Айтмоқчимизки, ўша вақтларда бино этилган иморатлар кимнинг номи билан аталишидан қатъи назар, улар ижодкор меъмор, донишманд муҳандис, моҳир наққош, синчков хаттот, матонатли тошйўнарларнинг меҳнати туфайли яратилган. Ана шу ижодкорлар уйғунлик ва мутаносиблик, гўзаллик ва мўъжиза қонуниятлари асосида ҳалол меҳнат қилиб, ўша иморатлар воситасида ўзларига ҳайкал қолдирган, десак муболаға бўлмас.

Зебинисо Раҳмонова,

вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

Маҳкамой Турсунова,

Самарқанд давлат университети профессори.