Бибихоним темурийлар салтанатини қандай сақлаб қолганди?

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида ёзувчи Шаҳодат Исахонованинг “Турон маликаси” романи асосида саҳналаштирилган “Бибихоним” спектакли премьераси бўлиб ўтди.

Театр бош режиссёри Шуҳрат Санақулов саҳналаштирган мазкур тарихий мусиқий драма Бибихоним ва ёш Мирзо Улуғбекнинг ўзаро суҳбати билан бошланади. Суҳбат асносида Соҳибқирон бобомизнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси, кўплаб олиму фузалоларни Самарқандга олиб келганлигига гувоҳ бўласиз. Саҳна декорациялари, актёрлар либослари сизни бир зум Амир Темур салтанатига етаклайди.

Воқеалар ривожида Амир Темур вафотидан сўнг темурий шаҳзодалар ўртасида тож-у тахт учун олиб борилган курашлар натижасида салтанатнинг парчаланиб кетаётганлиги акс эттирилади.

Халил Султон Мирзо бобоси Соҳибқироннинг васиятига амал қилмасдан ўзбошимчалик билан салтанат пойтахти - Самарқандни эгаллайди. Малика Шод Мулк турмуш ўртоғи Халил Султонни қўғирчоқдай ўйнатиб, уни мунофиқлик йўлига бошлайди. Бибихоним уларни нечоғлик адолатли йўлга бошлашга уринмасин, ўзларини салтанат эгалари деб ҳисоблайди. Шу зайл Халил Султон ҳамда Шод Мулк расман валиахд деб эълон қилиниши керак бўлган оғаси шаҳзода Пирмуҳаммад Мирзони, содиқ бўлган амир-у бекларни ўлдиради, қолганларини эса пойтахтдан бадарға қилади.

Спектакль сўнггида ёш шаҳзода Улуғбек Мирзо булутлар ортидан кўринган қуёшдай Бибихонимда ва халқда умид уйғотиб, Соҳибқирон салтанатида тинчлик ўрнатади ва тахтга ўтиради.

Спектаклнинг премьерасида шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали раҳбари Рустам Қобилов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Шоҳруҳ Шаханов.