Бир ойда 350 та оила яраштирилди
- Мен у билан яшамайман! - шарт кесди йигит бир гуруҳ фаолларнинг ичида (улар орасида вилоят ташкилоти раҳбарлари ҳам бор эди). – Мен унга жуда кўп имкон бердим, лекин у айтганимдай бўлмади. Ота-онамнинг хизматини қилмаган аёл билан яшашни истамайман.
Фаоллар унга барчасини обдон тушунтиришди, икки нафар фарзанди бор йигит бундай масъулиятсизлик қилиши фарзандлар тақдирида албатта акс этиши ва бу таъсир ижобий бўлмаслиги ҳақида айтишди.
- Сиз онангиз истаган келин топилгунича қайта-қайта уйланаверасизми?!
- Фарзандларингизнинг ота-она билан, чиройли оила сифатида улғайишини наҳотки истамасангиз...Ахир уларнинг кўз ёши уволидан қўрқмайсизми?
Хуллас, у дейишса, бу дейди, бу дейишса, у деди. Келинчак бир оғиз гап қайтармади, тилидан “кечиринг” деган сўз тушмади. “Кечиринг, энди сиз истагандай бўлишга ҳаракат қиламан”, деяверди. Йигит онамга ёқмаяпсан дейишдан нарига ўтмади.
Қизиқ, мана шу каби сабаблар билан ажрашиб, боласини ҳаётнинг ўзанига ташлаб қўймоқчи бўлган оталар қанча? Оналар-чи? Қайнона, қайноталар-чи?
Бугун ажралишлар сони кескин ўсиб бораётгани сабаблари нимада? Оилага бефарқ муносабат, бу бўлмаса, бошқаси деган тушунчани уларнинг онгига ким сингдирди ўзи?
“Жамоатчилик овози” қандай самара берди?
Мамлакатимиз раҳбари томонидан март ойида ўтказилган йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, 2025-йилда биргина алимент ундириш билан боғлиқ мурожаатлар сони 70 мингни ташкил қилган ва уларнинг 30 фоизи ҳал этилмасдан қолган.
Самарқанд тажрибаси асосида “Жамоатчилик овози” гуруҳи ташкил этилиб, унинг аъзолари томонидан ушбу рақамларнинг олдини олиш, оиладаги низолар сабабини ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилди.
- Вилоятимизда 66 нафар фаоллардан иборат мазкур гуруҳнинг жойлардаги вакиллари, яъни ҳар бир туманда 49 нафар фидойи инсонлар жам бўлиб, жойларда ўрганишлар олиб борди, - дейди вилоят “Жамоатчилик овози” гуруҳи раҳбари, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Шуҳрат НEГМАТОВ. – Маҳалла фаолларини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, вилоят бўйича 25 минг нафар киши муштни бир жойга тугиб, маҳалла, қишлоқларга бордик, оилавий низолар сабабини ўргандик. Ажралишга сабаб бўлмаган, турли “деди-деди”лар билан ўз оилавий ҳаёти бузилишига сабабчи бўлаётганлар билан дилдан суҳбатлашилди. Натижада бир ойнинг ичида 350 дан зиёд оила яраштирилди. 560 нафар бола ўз оилавий муҳитига қайтарилди.
- Ҳар қандай оилавий ажримдан энг аввало, фарзандлар азият чекади, - дейди вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Жамила САЙФИДДИНОВА. - Афсуски, болажонларнинг бундай азият чекиши шунчаки қолиб кетмайди, у албатта, қаердадир ўз таъсирини кўрсатади. “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари билан ҳамкорликда жойларда тарғибот тадбирларида қатнашар эканмиз, вояга етмаганлар ўртасидаги муаммолар аксарият ҳолларда тўлиқ бўлмаган оилада улғайган фарзандлар ўртасида содир бўлаётганини кузатамиз. Ҳеч ким фарзанди ёмон йўлга юриши, турли ножўя таъсирларга берилишини истамайди. Аммо болалар ёш пайтда бундай муаммолар билинмайди. Ота-она эса масъулиятни тўлиқ бўйнига олган ҳолда иш кўриш ўрнига майда гап-сўзлар билан овора бўлиб қолмоқда. Жойларда ўрганишлар давомида шу нарса аён бўляптики, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги, кўп масалалар бўйича узоқни ўйламай иш тутаётгани оила аталмиш муқаддас масканга дарз етказяпти, қадриятларимиз емирилиб боряпти.
Биз кимни алдаяпмиз?
- Тўғрисини айтсам, Паяриқ туманида рўй берган ушбу воқеа тафсилоти, аниқроғи, қайнонанинг ярашмоқчи бўлган келин-куёвга бўлган муносабатини эшитгандан буён юрагимнинг бир чеккасига оғриқ кирди, - дейди “Жамоатчилик овози” гуруҳи аъзоси Фармон ТОШEВ. - Наҳотки биз ўз фарзандлари аҳду вафосини чақага олмайдиган шундай аёллар борлигини билмаганмиз. Наҳотки биз бу тоифа қайнонага ҳам бошқа хотин-қизлар каби ҳурмат кўрсатишимиз керак.
Eр-хотин ўртада икки нафар бола бўлишига қарамасдан, арзимаган тортишув сабаб бир-биридан аразлаб қолади. Эр на бағрикенглик кўрсатади, на бошқа чора кўради, онасига арз-дод қилади. Она эса уларни келиштириб қўйиш ўрнига келинга ортиқча иддаолар қилади. Тўғри топдингиз, ҳаммамиз кўриб юрган ҳолат: келин икки боласи билан отасиникига боради.
Мен бир нарсага ҳайронман. Икки йил ичида на туман хотин-қизлари вакили, на маҳалла бу жанжалга аралашмайди, қайнонани инсофга чақирмайди, «менга нима» қабилида иш тутади. Чунки бизда бундай масъулиятсизлик учун аниқ жавобгарлик белгиланмаган. Фақат бу ҳолга Тошкент ва Самарқанддан тегишли ташкилотлар аралашгандан кейингина тумандагилар ғимирлаб қолишди.
Хуллас, жамоатчилик вакиллари тушунтиргандан сўнг келин-куёв бирга яшашга, ярашишга қарор қилишди. Аммо қайнона бошқача фикрда.
- Мен бу келинни ҳовлимга қўймайман. Ана, ўғлим рози бўлса, бошқа ерда яшаб кўрсин!
Ана шу сўз, ана шу нуқтаи назар, табиийки, ҳар бир одамнинг юрагига муздек тегади. Келин билан яшамасмиш! Келин унга хизмат қила олмас эмиш. Қайнона учун ўғлининг, қизининг бахти муҳимми ёки бутун дунёни ўзининг феълига бўйсундиришими, феълининг қасдими?!
Табиийки, оилавий масалаларда ҳар бир инсоннинг ўз нуқтаи назари бўлиши ва шундан сўнггина оила қуриш, бу масъулиятни зиммасига олиш лозим. Аммо бугун барча ҳам шу масъулликни бўйнига олиб турмуш қуряптими? Бу ҳақда узоқ йиллардан бери айтиб келинмоқда. Унга ечим сифатида ФҲДЙ бўлимлари қошида “Ёш оила қурувчилар мактаби” ташкил этилиб, ўқув жараёнлари ўтказилиши бошланган бўлса-да бир авжига чиқиб, яна сусайиб қолган ушбу мактаблар фаолияти ҳам самара бермаяпти. Тўғрироғи, уларнинг фаолияти ривожлантирилмади, баъзилари номигагина ташкил этилди, холос.
Умид қиламизки, “Жамоатчилик овози” фақат бир неча ой эмас, доимий ишлайдиган ҳаракатга айланади ва таъбир жоиз бўлса, барча тегишли ташкилотларни бу борада уйғоқликка чорлаб турувчи кучга айланади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.