Бир умр эл хизматида ёки фахрий ҳуқуқшунос ҳаёт йўлига назар
Самарқанднинг садоқатли фарзанди, атоқли ҳуқуқ фаоли, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Шодиқул ака Нуриддинов 35 йил ички ишлар идораларида, 16 йил нотариат соҳасида хизмат қилди.
Айтишгагина осон бўлган бу йиллар давомида у қанчадан-қанча одамларга ёрдам қўлини чўзди, чин дилдан ишлади. Айни шу сабабли бугун дунёнинг турли бурчакларида ўнлаб, балки юзлаб танишлари, қадрдонлари бор. У яқинда АҚШда салкам 20 кун бўлиб қайтди. Албатта, океан ортидаги дўсти, ўртоғининг таклифи ва унинг ҳисобидан. “Исроилга, Канадага чақиришяпти. Соғлик кўтарса, умр вафо қилса, шу давлатларга ҳам бориб-келиш ниятидаман”, дейди оқсоқол.
Дунёнинг ривожланган давлатига таклиф қилиниш ва у ердаги сарф-харажатлари мезбоннинг ҳисобидан бўлишининг ўзи Шодиқул аканинг қандай инсонлигини кўрсатиб турибди. У жамоатчилик орасида катта обрў-эътибори, забардаст ва тажрибали юрист бўлгани, ўта камтарин ва самимий инсонлиги учун бундай ҳурмат қозониб келмоқда.
Айни шу хислати ҳамда жамоат ишидаги фидойилиги-ю фаоллиги сабаб Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Вали маҳалласига раислик қилишига тўғри келган. Тўғри келган, дейишимга сабаб шуки, нуроний ёшида, моддий жиҳатдан ўзига тўқ киши сифатида меҳнат қилишига зарурат йўқ эди. Бироқ кўнгли очиқ Шодиқул ака кўпчиликнинг танловига “Йўқ”, деё олмади. Шу билан бирга, ишни ҳам жойига қўйди.
Умуман олганда, оқсоқоллик фаолиятининг ўзи бир мақола бўлгулик. Лекин нокамтарлик бўлса-да, ҳудудда ҳашар йўли билан чойхона қурдирганини эслаб ўтмасак бўлмайди. Зотан, бу иши уни кўпчиликнинг бошини қовуштира олиши, ҳудуддаги ҳурматини бугун ҳам исботлаб турибди. Айни кунларда ҳам маҳаллага борган фаоллар дейсизми ё туман ҳокимими, шу ерда жамоатчилик билан мулоқот қилади.
Расман олганда, Шодиқул ака шу кунларда 80 ёшни қарши олмоқда. Бироқ у ҳали кексаликни тан олгани йўқ. Тўғри, 2020 йилда муборак Умра сафарида бўлди. Адлия тизимидаги фахрийлар, тенг-тўшлари билан Хоразм, Бухоро каби шаҳарларимизни сайру саёҳат қиляпти. Бироқ ундаги жисмоний тетиклик, қалби уйғоқлик унча-бунча ёшларнинг ҳавасини келтиради.
Аслини олганда, у ҳам бошқа тенгқурлари қатори Самарқанд шаҳридаги 8-касб-ҳунар мактабида ўқиган. Кейин ҳарбий хизмат ва Тошкент ўрта-махсус милиция мактабида таҳсил олган. Дастлабки меҳнат фаолиятини паспорт бўлими инспектори сифатида бошлаган Шодиқул ака Нарпай тумани ИИБ ОБХСС (Социалистик мулкни талон-торож қилишга қарши курашиш) бўлими ҳамда вилоят ИИБ хизмат бўлими инспектори вазифаларида ишлаган. Шу орада ИИВ Тошкент олий милиция мактабини сиртдан битиради.
У 1975 йилда вилоят ИИБ ДАН бўлими суриштирув бўйича катта инспектор лавозимига ўтказилган. Кейинчалик Нарпай ва Жомбой туманларида ДАН бўлими бошлиғи бўлди. Тизимда 28 йил ишлаб, пенсияга чиққач, нотарил хизмат билан шуғулланди.
Шодиқул ака аҳил оила бошлиғи, ота сифатида ҳам кўпчиликка ибрат. Чунки (раҳматли) Рафоат опа Усмонова билан кўп йиллик ҳаёти давомида 3 қизни оқ ювиб, оқ тараб, жамият учун муносиб инсонлар қилиб вояга етказган. Отахон бугун 10 набира, 4 эваранинг севимли бобоси.
Шодиқул аканинг айтишича, босиб ўтган умрига нисбатан кўриниши ёшлиги, ҳамма вақт хушчақчақ ва тетиклигининг сабаби ҳар кимга тавозели бўлиш, биров билан зиддиятга бормаслик ҳамда ҳеч ким билан талашиб-тортишмасликда экан.
Ҳа, Шодиқул ака биз каби ҳамкасблари ва шогирдлари, таниш-билишлари учун ҳалол, тўғри, самимий, одамларга яхшилик қилишдан ҳузур топадиган инсон намунаси бўлиб қолади.
Толиббой Эшмонов,
Адлия вазирлиги фахрийлар кенгаши вилоят бўлими раиси.