Битирувчи талабаларга бўш иш ўринлари таклиф этилди
Самарқанд давлат университетида битирувчи курс талабалари учун Самарқанд туристик марказидаги бўш иш ўринлари тақдимоти ўтказилди.
Тадбир "Ипак йўли" туристик маркази ва Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти, “Eriell” халқаро лойиҳалар компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти кундан-кунга ортиб бормоқда. 2019-2020 йилларда шаҳарга 4 миллионга яқин сайёҳ келгани бунинг исботидир. Лекин туристларга хизмат кўрсатиш сифати талаб даражасида эмас. Тақдимотда шу йўналишдаги масалалар муҳокама этилди.
“Eriell” компанияси менежери Хуршид Ҳожиметовнинг айтишича, вилоят эшкак эшиш ҳавзаси ёнида қад ростлаётган янги туристик марказга меҳмонхона хизматчилари, бошқарувчилик лавозимларига инглиз ва рус тилларини биладиган ёшлар таклиф этилмоқда. Талабалар учрашув вақтидаёқ ўзларига ёққан мутахассисликлар бўйича ишга кириш анкеталарини тўлдирди.
Отабек Саъдуллаев,
СамДУ талабаси.