Битта мактаб бир ўқув йилида 9 та биринчи синф очиши мумкинми?
Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактабида 2019-2020 ўқув йилида 9 та биринчи синф очилган. Бу – 304 нафар ўқувчи дегани.
Ваҳоланки, шаҳардаги айрим мактабларда бор-йўғи 1-2 тадан синф очилган. 33, 35-умумий ўрта таълим мактабларида эса битта синфда белгиланган меъёрдаги 35 нафар ўрнига 40 нафар ўқувчи ўқияпти.
Бу ҳозирча бизга маълум бўлган ҳолат. Бундай вазиятни бошқа мактабларда ҳам кузатиш мумкин.
Ҳурматли ота-оналар, 40 нафар бола ўқийдиган синфда 45 дақиқа дарс давомида айнан Сизнинг фарзандингиз билан ўқитувчи жиддий шуғулланишига ишонасизми?
Оғизга тушган мактабларни битирган ёшлар асосан репетитор ва ўқимишли ота-онасининг кўмаги, тарбияси билан ОТМларга кираётганини таҳлил қилганмисиз?
Фарзандини, қариндошларини микроҳудудга алоқаси бўлмаган мактабга жойлаштириш учун турли усулларни қўллаган “ҳожатбарор”лар, сизлар бу ҳаракатингиз билан таълим тизимига салбий таъсир кўрсатаётганингизни биласизми? Айнан шу туфайли айрим мактабларда дарслар қарийб уч сменада бўлаётганидан хабарингиз борми? Бундай шароитда таълим сифати ҳақида гап бўлиши мумкинми?
Бу ҳақда аввало, мутасадди идоралар ва жамоатчиликнинг муносабатини кутамиз.