Блогер бўлмоқчиман!

Жияним ҳали мактаб ўқувчиси, дастурлаш соҳасига жуда қизиқади ва шу бўйича курсларга қатнашидан ҳам хабарим бор. Онаси яқинда суҳбат жараёнида ўғлининг мақсадлари ўзгариб қолганини, энди дастурчи эмас, блогерликка қизиқаётганини айтиб қолди. Блогерликни ўргатадиган ўқув курсларига бораётган экан. Мен уни аниқлаштиришга ҳаракат қилдим - журналист бўлмоқчими, десам, йўқ, журналист эмас, блогер бўлишни мақсад қилаётганини айтди. Ўғлининг айтишича, блогерлар яхши ва осон пул топар ва одамларга кўпроқ фойдаси тегар эмиш... Ана холос!
Жуда ҳафсалам пир бўлди, тўғриси! Дастурчи бўлса, ундан кўпроқ пул топади, дедим. Энг замонавий касб, у ҳали йўлнинг бошида, чуқурроқ ўрганиб соҳанинг эгаси бўлса, келажакда ундан давлатмандроқ одам бўлмайди ва ҳаммага фойдаси тегади, дедим ва яна кўп нарсаларни айтдим...
Лекин айтганларимдан кўнглим тўлмади...рости!
Бугунги кунда блогерлик нафақат шахсий ижод, балки оммага таъсир ўтказиш воситасига айланиб улгурди. Кўпчилик ёшлар машҳур блогерларга ҳавас қилади. Тан олиб айтиш керакки, кўпгина блогерлар жамият учун манфаатли маълумотларни тарқатишга интилмоқда, уларнинг саъй – ҳаракатлари билан жамиятимиздаги айрим муаммолар ўз ечимини топяпти ёки баъзи муаммоларга масъулларнинг эътибори қаратиляпти. Аммо, афсуски, шундайлар ҳам борки, фаолияти давомида фактчекинг - яъни маълумотни текшириш жараёнини мутлақо инобатга олмайди. Дуч келган ё топган нарсасини текширмасдан оммага эълон қилиб юборади ва бу жараёнда эшитган миш – мишларини ҳам тарқатиб юбораверадиган блогерлар ( улар кўпинча обуначилар сонини ошириш мақсадида бу ишларни қиладилар!) жамиятга қай тарзда ҳавф солиши мумкин. Шуни бироз таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.
Тасаввур қилинг: блогер ёки ихтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўз шахсий аккаунтида ёки профилида қандайдир воқеа ҳақида маълумотни тарқатди. Оқибатда, одамлар ишончли манбаларга эмас, айнан шу ёлғонга ишонади. Натижада жамиятда ишончсизлик муҳити шаклланади. Бу ишончсизлик, аввало, расмий идораларга, кейин эса бутун ахборот тизимига тарқалади. Оддий мисол – COVID-19 даврида тарқалган сохта маълумотлар - вируснинг табиати, давоси, тарқалиши ҳақидаги хавфли ёлғонлар кенг тарқалди. Баъзилар бу пандемияни “биологик қурол” ёки 5G сигналлар билан боғлиқлиги ҳақидаги фитналар билан тарқатдилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) буни “infodemic” – “ахборот эпидемияси” деб атаган. Бу ҳолат маълумотларга бўлган ишончни сусайтирди, оддий аҳолида тиббиёт мутахассислари ва хабар тарқатадиган каналларга нисбатан шубҳа уйғотди. Ёки бугун мамлакатимизнинг у ёки бу ҳудудларида турли сабабларга кўра юз бераётган ёнғинлар, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида содир бўлаётган портлашлар ҳақида ўз саҳифаларида биринчилардан бўлиб хабар тарқатаётган блогерларнинг постларига бироз эътибор қаратинг – уларнинг “Тезкор”, “Даҳшат” деган ҳештегларининг ўзиёқ кишиларда, умуман аҳолида ваҳима саросима уйғотиш хусусиятига эга эканлигини тан олмай илож йўқ.
Айниқса тиббиёт, хавфсизлик ёки табиий офатлар каби сезгир мавзуларда ёлғон тарқатиш одамлар орасида хавотир ва ваҳима уйғотади. Масалан, шу каби "фалон вилоятда ер қимирлади, одамлар одамлар уйини ташлаб кетяпти" каби асоссиз хабарлар жамиятда катта саросимага сабаб бўлиши мумкин.
Айрим ёлғонлар миллатлар, динлар ёки ижтимоий гуруҳлар орасида нафрат уйғотиши мумкин. Бундай ахборот нафақат ахлоқсизлик, балки жиноий жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин. Ахборот тарқатишда эҳтиётсизлик демак, ижтимоий барқарорликка ҳам яхшигина путур етказади.
Агар ёлғон маълумот тарқатиш нормал ҳолатга айланса, одамлар ҳақиқат ва ёлғонни фарқлай олмайдиган даражага келиб қолади. Бу эса жамиятда ахборот саводхонлигини пасайтиради. Ахборот маданиятининг етишмаслиги - келажакдаги катта муаммоларга замин яратиши ҳам табиий ҳол.
Бунинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам ҳам борлигини эътибордан четда қолмаслиги керак. Кўпчилик яхши билади, ёлғон ахборот тарқатиш қонунан жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, туҳмат, ҳақорат, ёлғон хабар тарқатиш каби ҳолатлар учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу билан блогер фақат ўз обрўсини эмас, балки эркинлиги ва ҳавфсизлигини ҳам хавф остига қўяди.
Ахборот тарқатиш аслида катта масъулиятдир! Бизга Устозларимиз ана шундай деб ўргатишган.
Блогер бўлиш - бу фақат кузатувчилар сони билан эмас, балки масъулият билан ўлчанадиган вазифадир. Ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин унинг ҳақиқийлигини текшириш керак. Ахборот тарқатувчи ҳар бир инсон (Постларни улашаётганлар ҳам) жамият олдида масъул эканини унутмаслиги зарур.
Сизнинг ҳар бир сўзингиз - бир кишининг ишончи, қарорлари ва ҳаттоки тақдирига таъсир қилиш кучига эга. Шундай экан, гапирмасдан олдин ўйланг. Ёзишдан олдин текширинг. Тарқатишдан олдин жавобгарликни ҳис қилинг!
Аслида, айрим блогерлар ўз исм – фамилияларини ҳам тўғри ёзолмайди, бундайларнинг жуда кўпини шахсан танийман. Видео олади, тармоққа жойлайди ёки ёдлаган сўзларини тўтиқушдай такрорлайди. Баъзиларининг видео остига ёзган жумлаларини тушуниб ҳам бўлмайди.(имло, услубий ҳатолари кўплигидан, тиниш белгилари қолдириб кетилганидан) Обуначиси кўп бўлса бўлди, ёшларимиз ана шулардан ўрнак олишга интилишади, уларга ўхшашга ҳаракат қилишади. Бу жуда ачинарли ҳолат.
Мамлакатимизда блогерлик соҳаси - ҳали тўлалигича тартибга солинмаган майдон. Блогерлик - бугунги кунда жамиятга таъсир ўтказиш борасида анъанавий ОАВга тенглашиб бораётган, балки айрим ҳолларда ундан ҳам таъсирлироқ кучга айланмоқда. Шу билан бирга, бу соҳадаги ҳуқуқий асослар, этик меъёрлар ва масъулият масалалари ҳали тўлиқ шаклланмаган.
Жамиятимизда блогерларнинг танқидий фаолиятига эҳтиёж катта. Бироқ уларнинг фаолияти устидан ҳаддан ташқари назорат ёки таъқиб мувозанатни бузиши мумкин. Шунингдек, меъёрий ҳужжатлар билан чекланмаган фаолият, баъзи блогерлар томонидан суиистеъмол қилинаётган ҳолатлар ҳам бор. Ижтимоий тармоқларда “лайк”, “просмотр” ва шов-шув учун фейк контент ёки қўпол танқид тарқатиш ҳолатлари ҳаддан зиёд кўпайган.
Ўзбекистонда блогерлик сўз эркинлиги, фуқаролик жамияти ва ахборот макони ривожида муҳим роль ўйнайди. Лекин бу фаолиятни тартибга солиш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш учун тизимли ёндашув талаб этилади. Сўз эркинлиги ва жавобгарлик ўртасидаги мувозанатни топиш - замонавий ахборотлашган жамиятининг асосий вазифаларидан биридир.
Мен жиянимга шуларни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Лекин тушундими, йўқми билмайман! Буни вақт кўрсатади...
Аксарият ёшлар осон пул топишни ва тезда машҳур бўлишни истайди. Илм олиш улар учун машаққатли меҳнат - улар ҳаракатлари самарасини тезда кўришлари керак.
Нима дедингиз?
Гулчеҳра Бердиёрова журналист