БМТ ҳисоботи: Дунё аҳолисининг қарийб ярми сифатли тиббий ёрдамдан маҳрум
7 апрель куни Бутунжаҳон саломатлик куни нишонланди. Шу муносабат билан БМТ Бош котибияти эълон қилган баёнотида маълум қилишича, жаҳон аҳолисининг 50 фоизга яқини сифатли ва арзон тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрумдир. Бу ҳақда human.uz ёзаяпти.
Ҳар йили 100 миллион киши шифокорлар хизматига ўз чўнтагидан тўлагани учун қашшоқликка тушиб қолади.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш фикрича, соғлиқни сақлаш хизматидан барча бирдек фойдалана олишини таъминлаш муаммонинг ечимидир.
«Муаммо фақат тиббий хизматлар сифатини оширишда эмас. Гап кўпгина соҳаларга доир бўлган сиёсат ва чоралар ҳақида бормоқда. Одамлар соғлигини таъминлайдиган бошқа омиллар, ижтимоий, иқтисодий ва экологик сабабларга ҳам эътибор бериш керак», - деган БМТ раҳбари.
Унинг қайд этишича, соғлом бўлиш асосий ҳуқуқлардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ёдга солишича, бу ҳуқуқни барча фуқаролар учун бирдек ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришини кўпайтиришни тақозо этади.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимига сарфланадиган харажатлар, бюджетга қўшимча юклама эмас, аксинча, меҳнат самарадорлигини ошириш, иқтисодий ўсиш ва янада адолатли ва соғлом жамият барпо қилиш йўлидаги курашдир.
Ҳисоботда маълум қилинишича, бугунги кунда ўртача кўрсаткичдан паст даромадга эга мамлакатларда бу борадаги бюджет харажатлари киши бошига 60 долларни ташкил этса, юқори даромадли мамлакатларда бу рақам 270 доллар атрофидадир.