БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котиби Регистонда бўлди

Ушбу нуфузли ташкилот бош котиби Зураб Пололикашвили Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишмоқда.

2023 йилда Самарқандда ўтказиладиган UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтадиган объектлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрган юксак мартабали меҳмон Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Регистон майдонининг бунёд этилиш тарихи, у ердаги ҳунармандлар фаолияти, маҳсулотлари билан яқиндан танишди.

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов ҳамда Зураб Пололикашвили Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирлиги кўмагида мамлакатимиз туризм салоҳиятини дунёга танитиш мақсадида Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўл олаётган футбол ишқибозлари ва блогерлардан иборат гуруҳ томонидан тузилган автокарвоннинг кузатиш маросимида иштирок этди ва тарғибот гуруҳига омад тилашди.

– Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тобора юксалиб бормоқда, – деди Зураб Пололикашвили.– Бутунжаҳон туризм ташкилотининг навбатдаги сессиясини ўтказиш ташаббуси билан чиққан шаҳарлар орасидан бежиз Самарқанд танланмади. Қадимдан маданиятлар чорраҳаси сифатида шуҳрат қозонган бу буюк шаҳар бугун ҳам дунё ҳамжамияти ўртасидаги халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Самарқанд билан танишувимиз давомида бу боқий шаҳарни танлаб адашмаганимизга ишонч ҳосил қиляпмиз. Кейинги йил Самарқанд мезбонлик қиладиган сессиямиз самарали ўтишига ишонаман. Қатар томон йўл олган тарғибот гуруҳига омад тилаб, жаҳон чемпионати доирасида ташкил этиладиган ўзбек туризм ташвиқотини самарали ўтказишларини тилайман. Ўзбекистон футболи ҳам ривожланиб, юртингиз терма жамоасига кейинги жаҳон чемпионатида иштирок этиш насиб этсин.

Таъкидлаш жоизки, тарғибот гуруҳи йўл олган автокарвон Самарқанддан йўлга чиқиб, Қозоғистон – Озарбайжон –  Эрон – Бирлашган Араб амирликлари – Саудия Арабистони – Қатар йўналишида ҳаракатланади. 20 ноябрдан 20 декабргача Қатар яшил майдонларида ўтказиладиган мундиал баҳслари доирасида тарғибот тадбирларини ўтказиб, Тошкентга қайтади.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош котиби Зураб Пололикашвилининг ташрифи давом этмоқда.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат).