Марказий Осиёда янги ҳамкорлик даври: Президент Мирзиёев мақоласидан хулосалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳрида бўлажак Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви олдидан "Марказий Осиё янги давр остонасида" сарлавҳали мақоласини катта қизиқиш билан ўқиб ўрганяпмиз.

Президентимиз мазкур мақола орқали Марказий Осиё давлатларининг яқин ўн йилликлар ичидаги тараққиёт стратегиясини белгилаб бердилар. Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро қўшничилик, барча соҳалардаги тизимли ҳамкорлик, халқларимизнинг эмин-эркин мулоқот қилишлари учун яратиб берилаётган имкониятлар бунинг ёрқин далилидир.

Президентимиз давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви доирасида эришиладиган ҳамкорлик алоқаларига жиддий эътибор қаратмоқдалар.

– “Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йил минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари кўп йиллар мобайнида биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқотни бошладилар. Бу ишончга, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиёсий тафаккур рамзига айланди. Айнан Маслаҳат учрашувлари доирасидаги мулоқот туфайли эски даврдан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди.

Минтақавий ҳамкорлик борасида бошланган янги босқичнинг энг муҳим ютуқларидан бири — чегара масалалари узил-кесил ҳал этилганидир. Яқин-яқингача имконсиз туюлган бу муаммонинг ечими бугун реал ҳолатга, бир пайтлар бизни ажратиб турган чегаралар эса дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди. 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани тарихий аҳамиятга молик ҳодисадир. Буни ҳақли равишда оламшумул воқеа деб аташ мумкин.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида "Қамбарота ГЭС-1" лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув, Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида "Ёвон" ва "Фондарё" ГЭСларини қуриш бўйича ҳамкорлик олдинга силжимоқда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида "Баҳри" Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича келишувларга эришилган.

Туркманистон билан ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Бу сув ресурсларини биргаликда бошқаришни яхшилайди ҳамда экологик муаммолар хавфини камайтиради.

- Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва умумий ресурсларга адолатли ёндашувга асосланган янги ҳамкорлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда, - дея таъкидлади Президентимиз.

Давлат раҳбарининг ушбу мақоласи партиядошларимиз ўртасида қизғин ўқиб ўрганилмоқда. Унда билдирилган фикрлар, тараққиёт сари дадил интилаётган халқларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, чегарабилмас дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хўжақул Муҳаммадиев,

Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти ижроия қўмитаси раиси.