Боғча мудирасини қўрқитиб, фирибгарлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлганларга жиноят иши очилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жинояти фош этилди.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги боғча мудираси Т.Э. “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси муҳаррири Ш.Қ. билан тил бириктириб, тумандаги бошқа бир мактабгача таълим ташкилотида молиявий назорат бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда аниқланган камчиликларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмаслик ва жиноят иши қўзғатилмаслигини ҳал қилиб бериш эвазига МТТ мудираси Д.Б.дан 3 000 АҚШ доллари талаб қилиб олган вақтида, ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, тезкор тадбир жараёнида мазкур шахсларнинг муқаддам содир этган яна бир жинояти фош этилди.

Аниқланишича, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси муҳаррири Ш.Қ. 2019 йил 22 августда вилоятдаги МТТга келиб, аслида туман газетаси муҳаррири бўлса-да, ўзини гўёки, “Кun.uz” интернет сайти мухбири деб таништирган. Алдов ва ишончига кириш йўли билан муассасада текшириш ўтказиш ва камчиликларни аниқлаб, интернетда чоп этиш, Д.Б.ни ишдан бўшатиш ҳамда жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитган ва бу ишни амалга оширмаслиги учун жиноий шериги, боғча мудираси Т.Э.нинг телефон рақамини бериб, унга учрашишини айтган.

Ўз навбатида, Т.Э. мудира Д.Б.га “Кun.uz” сайтининг “мухбирлари” билан боғлиқ иши ҳал бўлиши учун 3 000 АҚШ доллари бериши лозимлигини айтиб, ундан 2900 АҚШ доллари ва тилла тақинчоғини олган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари хабарига кўра, ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Каттақўрғон тумани боғча мудираси Т.Э. ва “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси муҳаррири Ш.Қ.ларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.