Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Боғча тарбиячиси қандай бўлиши керак?

Самарқанд шаҳридаги 112-мактабгача таълим ташкилотида тарбиячилар томонидан ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш орқали ушбу саволга жавоб изланди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан туманларда ўзаро тажриба алмашиш, маҳоратли тарбиячиларни аниқлаш, давлат талабларининг бажарилишини таҳлил қилиш мақсадида 3 босқичли танлов ўтказилмоқда. Танловнинг биринчи босқичида тарбиячилар мактабгача таълим ташкилотининг ўзида гуруҳлараро, иккинчи босқичда мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида ҳамда учинчи босқичда туманлар ўз тажрибасини намойиш этмоқда.

112-МТТда бўлиб ўтган танловнинг навбатдаги босқичида Самарқанд туманининг 5 нафар тарбиячилари гуруҳларда болаларга ўз таълим методларини қўллаган ҳолда машғулотлар ўтишди.

Тарбиячилар болалар билан мулоқотга кириша олиш, турли ривожлантирувчи ўйин ва машқлардан самарали фойдаланиш, болаларнинг жисмоний, ақлий, мантиқий, ижтимоий ривожланиш элементларидан келиб чиққан ҳолда турли фаолиятларга жалб эта олиш каби талаблар асосида машғулотлар олиб борди.

Таҳлил  давомида аниқланган камчиликлар бўйича муассасаларда семинарлар ўтказилиши белгилаб олинди. Аслида танловни ўтказишдан мақсадимиз ҳам болаларга сифатли таълим беришда тизимдаги камчиликларни аниқлаш, бу борада тарбиячиларга методик кўмак бериш, уларни ўз устида ишлашга ундашдан иборат.

Дилфуза АЗИЗОВА,

вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари.