Боғисарой маҳалласига спорт зали керак

Самарқанд шаҳар “Боғисарой” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир зиёли битта маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва маҳалла фаоллари билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда университет томонидан маҳаллага бериладиган маънавий кўмак, маҳалладаги ёшларнинг компьютер технологияларидан фойдаланиш имконияти, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши мақсадида бир нафар ўқитувчини бунга масъул қилиш ҳақида сўз юритилди.
- Маҳаллада ёшларга мусиқа ва санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, хотин-қизларни ҳунармандчиликка қизиқтириш борасида етарли шароитлар яратилганлиги қувонарли ҳол, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жумагул Сувонова. – Шу билан бирга, ижодкор ёшларни кашф қилиш, уларнинг ижод намуналарини жамоага эълон қилиш ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими доима кўмакка шай.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар турмуш тарзи ва яшаш ҳолатини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш ва шу орқали бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ва фойдали иш коэффицентини ошириш борасида таклиф ва мулоҳазалар тингланди.
Тадбирда иштирок этган фаоллардан бири ёшлар учун маҳаллада спорт билан шуғулланиш учун катта спорт зали ташкил қилиш таклифини билдирди.
М.Боботаев.