Божхона кўриги соддалаштирилади

Мурожаатномада барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар билан бирга, мамлакат тараққиётига ғов бўлаётган камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Жумладан, божхона тартиб-тамойилларининг мураккаблиги тадбиркорлик имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири эканлиги айтилди. 
Йил бошидан юртимиздаги халқаро аэропортлар чегара божхона постида жорий этилган "яшил" ва "қизил" йўлаклар миллий авиакомпания хизматидан фойдаланаётган йўловчилар учун қулай шароитлар яратди. Келгусида божхона ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича кўплаб янгиликлар жорий этилиши мамлакатимизда савдо-иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади. 

Шоҳмурод БЎРИЕВ,
Тошкент Олий ҳарбий божхона институти тингловчиси.

Инспектор ҳисобот берди

Самарқанд шаҳридаги Юқори Хўжасоат маҳалласида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Унда иштирок этган профессор-ўқитувчилар, прокуратура ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари маҳалла аҳолисига Мурожаатномани янада кенгроқ, ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бердилар. 
– Президентимиз Мурожаатномада халқимизни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар, уларнинг келиб чиқиши, оқибати ва шу билан бирга, ечими ҳақида ўз фикрлари ва таклифларини баён этдилар, – дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ахтам Каримов. – Мурожаатномани тинглаб туриб, тадбиркорларга янада кўпроқ имкониятлар яратилишидан хурсанд бўлдим. 
Тадбир давомида маҳалла аҳолиси ҳудуд профилактика инспектори Жавлон Пардаевнинг ҳисоботини тинглашди. 

Даврон ЭГАМҚУЛОВ.


Буюк аждодларимизга муносиб бўламиз

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини қунт билан тингладик. Давлатимиз раҳбари таълим соҳасининг барқарор ривожланишига эриша олмаётганимиз ҳамда буюк боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялаш масаласига етарлича аҳамият бера олмаётганимиз, интеллектуал ва маданий салоҳиятнинг қандай ноёб бойлик экани, нодир талант эгаларини тарбиялаб, камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини унутишга ҳақимиз йўқлигини алоҳида таъкидлади. 
"Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциацияси"ни тузиш тўғрисидаги таклиф бизнинг хориждаги тенгдошларимиз билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишимизга ёрдам беради. Келгуси йили шаҳримизда ўтказилиши кутилаётган Марказий Осиё ёшлари форуми эса самарқандлик ёшлар ҳаётида тарихий аҳамият касб этади.

Хуршид ФАЙЗУЛЛАЕВ, 
СамДЧТИ талабаси.