Бола ҳуқуқлари ҳимояси янада мустаҳкамланади

Болалар ҳуқуқлари жаҳондаги деярли барча давлатларда қонун билан ҳимоя қилинган. Республикамизда ҳам бола ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилган. Буларга қўшимча равишда яқинда Президентимизнинг “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Бола ҳуқуқлари эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида ушбу қарор билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга бир қатор вазифалар юклатилди. Масалан, у имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашади. Шунингдек, тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг турар-жой билан таъминланишига ёрдам беради.
Шуниси аҳамиятлики, бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Шунингдек, вакил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади.