Бўлажак ветеринар ва биотехнологлар Беларусда ҳам ўқийди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида «Ветеринария ва чорвачиликда инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва жорий этишнинг истиқболдаги вазифалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Марказий Осиё ва ҳамдўстлик мамлакатлари ветеринария, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология соҳасининг етакчи олимлари, тадқиқотчилар иштирок этди. Конференция ишида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов, вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозим Ибрагимов қатнашиб, соҳада қўлланилаётган инновацион технологиялар, эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар ҳақида гапирди.
- Беларусь Республикасининг Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси олийгоҳимизнинг энг яқин ҳамкорларидан бири, - деди университет ректори Х.Юнусов. - 2019 йилдан буён ҳамкорликда илмий ва амалий иш олиб борамиз. Академия ва университетимиз ўртасида ташкил этилган қўшма факультетда айни кунда 40 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. 2023 йилда мазкур қўшма факультет ўзининг биринчи битирувчиларини чиқаради. Ҳар икки мамлакат дипломини қўлга киритадиган мазкур факультет битирувчиларининг салоҳияти ва билимига мутахассислар томонидан катта ишонч билдирилмоқда.
Илмий анжуман ишида академия ректори Николай Гавриченко ҳам иштирок этди. У икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ва ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, қолаверса соҳага кўрсатаётган эътибори учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобиловга академиянинг фахрий профессори унвони ва нишонини топширди.
Анжуман доирасида Витебск академияси билан университетнинг Нукус филиали, Ветеринария илмий тадқиқот институти ва Қоракўлчилик илмий тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва шартномалар имзоланди.
Гулчеҳра Бердиёрова.