Болаларга атаб ўтказилган концертда томошабинлар ҳам жўр бўлди
Самарқанд шаҳридаги концерт залида вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳисобот концерти бўлиб ўтди.
Юртбошимиз илгари сурган 5 та ташаббус доирасида ўтказилган тадбирда концерт залининг фойеси байрамона безатилиб, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган суратлар кўргазмаси намойиш этилди.
Тадбирда вилоятдаги 30 та болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари ижросида миллий ва замонавий куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, бадиий раҳбарлар Абдурасул Насруллаев ва Бўрон Носиров бошчилигида 16 ва 22-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг республика ва халқаро танлов совриндорлари томонидан куйланган “Катта ашула” номли мусиқий чиқиш иштирокчилар томонидан илиқ қарши олинди.
Тадбир давомида ижро этилган “Фарғонача жонон”, “Бир ёлғондан қирқ ёлғон”, “Соз сеҳри”, “Ўйнасин”, “Лола рақси”, “Наво” ва “Баҳор нашидаси” номли куй ва қўшиқларга томошабинлар ҳам жўр бўлди.