Пайариқнинг наволари бошқача

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров Пайариқ туманида туғилиб ўсган. Шу ернинг кенг дала-даштларида қўшиқ хиргойи қилиб улғайган, қўлига соз олиб ашулалар айта бошлаган. Мактабни битириб, олий ўқув юртида ўқиганида ҳам унинг илк қўшиқлари тингловчиси пайариқликлар бўлган.

Эркин ака бугун Самарқандда яшаб ижод қилса-да, доим Пайариққа талпинади. Туман аҳлини, қишлоқдошлари ва яқинларини ўз ижодидан баҳраманд этишга интилади.

Куни кеча Эркин Қайтаров яна Пайариқда концерт берди. Фақат бу галги дастур аввалгилардан бироз фарқ қилиб, қўшиқларни асосан унинг шогирдлари, “Пайариқ наволари” ансамбли жамоаси ижро этди.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун юртимизда кенг оммалашаётган беш муҳим ташаббусдан бири – ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш, уларнинг мусиқа, театр, кино, рассомлик ва бошқа санъат турларига қизиқишини оширишга қаратилган, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров. – Ана шу ташаббус асосида тажрибали санъаткорлар, халқ артислари ва хизмат кўрсатган артистлар олдига  жойлардаги маданият муассасалари, мусиқа ва санъат мактабларида ўз ижод мактабларини яратиш, ёшларга сабоқ бериш вазифаси қўйилган эди. Шундан келиб чиқиб, мен ҳам бир пайтлар нафақат туманимиз, балки вилоятда ҳам машҳур бўлган, аммо кейинчалик фаолияти деярли тўхтаб қолган Пайариқ тумани маданият бўлими қошидаги “Пайариқ наволари” ансамбли аъзолари билан бирга ишлаш, жамоа репертуарини бойитишга қарор қилдим. Ёшлигимда ўзим ҳам шу ансамблда қўшиқ куйлаганман, элга тинилишимда бу жамоанинг ўрни катта бўлган. Яна бир томони ансамбль аъзоларининг кўпчилиги яқин дўстларим, шогирдларим ҳисобланади. Шу боис улар билан ижод қилишнинг завқи бошқача. Ана шу дўстларимиз билан қисқа вақтда бир қатор янги қўшиқлар тайёрладик, миллий қўшиқларимиз, мақом намуналарини ижро этдик. Дастлабки ишларимиз, ижодимиз натижасидан томошабинларни баҳраманд этиш ниятида “Дилга яқин қўшиқлар” деб номлаган ҳисобот концертимизни мухлислар ҳукмига ҳавола этдик.

Дастур “Қашқарча” “Соқийнома”, “Насри уззол”, “Насруллойи”, “Дугоҳ Ҳусайний-5”, “Феруз-1” сингари мақомлар билан бошланди. Сўнгра халқ лапарлари, Навоий, Муқумий, Собир Абдулла, Душан Файзий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Бу ашулаларни асосан, ансамблнинг ёшлари куйлади. Айниқса, Ёрқин Қобилов, Расул Муҳаммадиев, Норбўта Рустамов, Жалил Расулов, Насиба Кенгашева, Дилором Исомоваларнинг ижро маҳорати мухлисларга манзур бўлди.

– Эркин ака “устоз-шогирд” анъаналари асосида бизга мақом қўшиқларини ижро этиш сирларини ўргатиб келмоқда, – дейди ансамблнинг ёш умидли аъзоларидан бири Жалил Расулов. – Бугун ана шу сабоқлар туфайли бир нечта ашулаларни халқимиз ҳукмига ҳавола этдик. Қўшиқлар уларга манзур бўлганидан ўзимиз ҳам жуда хурсандмиз.

– Анча вақтдан буён бундай концерт томоша қилмагандик, – дейди Фаровон маҳалласида яшовчи Салайиддин Остонов. – Қўшиқлар ҳам, куй ҳам, рақс ҳам ўз ўрнида. Ортиқча шовқин, маза-матрасиз сўзлардан холи. Қани энди мана шундай концертлар кўп бўлса. Одамлар асл санъатни соғинган ва буни қадрлайди.

Пайариқликлар дастур давомида йигирмадан ортиқ миллий-мумтоз наволарни тинглаб, мароқли ҳордиқ чиқарди. Ёш ижрочилар эса томошабинлар олдида ўзига хос синовдан ўтди.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,

Ширинбой МАМАДАЛИЕВ (фото).