Болаларнинг олов билан ўйнаши оқибатида уй ёниб кетди
Тошкент шаҳрида ўтган сутка давомида 11 та ёнғин ҳолати қайд этилган бўлиб, шулардан 5 таси қуриган ўсимлик ва чиқиндиларни ёниши билан боғлиқ бўлган ёнғинларни ташкил этмоқда.
Ёнғинларда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади.
Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объект раҳбар ҳамда ходимларини, шунингдек фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.
2019 йил 19 июль куни соат 12:56да, Юнусобод тумани, Юқори Салар 7-тор кўчаси 14-уйнинг том қисми 70 кв.м майдонда ёнган.
Ёнғиндан уйнинг 30 кв.м. майдони сақлаб қолинган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 13:06да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 13:15да қуршаб олиниб, соат 13:25да бартараф этилган.
Ёнғин болаларни олов билан ўйнаши оқибатида содир бўлган деб, тахмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин жойига 3 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.
Шуни куни соат 13:28да, Юнусобод тумани, Ифтихор 7-тор кўчаси 5-уйнинг том қисми 90 кв.м майдонда ёнган.
Ёнғиндан уйнинг 50 кв.м майдони сақлаб қолинган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 13:31да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 13:38да қуршаб олиниб, соат 13:47да бартараф этилган.
Ёнғин электр симларни қисқа туташуви оқибатида содир бўлган деб, тахмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, ёнғин жойига 4 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.