Бўлган воқеа: Гувоҳ
Орифжон бир юмуш билан болалиги ўтган қишлоғига борди. Ишларини битириб бўлгач, ёшликдаги дўсти Муродни бир кўриб кетмоқчи бўлди. Анча йиллардан бери кўришмаган.
Таниш эшикдан ичкари мўралаб овоз берди. Лекин ҳеч қандай жавоб бўлмади. Шу яқин орага чиққандир, деган ўйда шундоқ кираверишдаги уйнинг деразаси ёнида ўрнатилган ўриндиққа ўтириб кута бошлади.
Пастқам ўйлар, ҳовли Орифжоннинг болалик хотираларини уйғотди. Мурод иккаласи доим бирга ўйнашар, бирга дарс тайёрлашар, мактабга ҳам бирга бориб-келишар эди. Дўсти ота-онасига ёлғиз эди. Орифжон қачон келса, мана шу деразадан бўйини чўзиб, дўстини чақирар, сўнгра ўйнагани чиқиб кетишар эди.
Аммо кейинчалик бу ҳол йўқола борди. Қачон дўстини чақиргани келса, уни кўзлари кўкарган, йиғидан шишиб кетган бўларди. Гоҳида эса: “Эй Худо, отам бугун ичиб келмасин, онамни урмасин, ўзинг инсоф бер”, деб кўзларида ёш билан дуо қилаётганининг устидан чиқарди.
Эсида, Муроднинг бечора онаси калтак ея-ея оламдан ўтган эди. Орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Балки отаси ҳам бандаликни бажо келтиргандир. Қаровсиз ҳувиллаётган ҳовли миясига шу фикрни келтирди.
Муроднинг ўзи-чи, нима қиляпти экан?...
Орифжон шундай хаёллар оғушида экан, ичкаридан овоз эшитилгандай бўлди. Ўрнидан туриб, очиқ деразадан ёшлигидаги каби ичкарига мўралади. Мўраладию ҳайратдан қотиб қолди.
Дўстининг айни ўша дуо қиладиган ўрнида кекса чол қўлларини титраган кўйи: “Эй Худо, ишқилиб бугун ичмасин-да, ўзинг инсоф бер ўғлимга, эй Худо”, деб илтижо қилар, кўзларидан сизиб чиқаётган ёшлар ажинлари оралаб пастга юмалар эди. У Муроджоннинг отаси эди…
Ҳасан Абдиев.