Бўлган воқеа: Мен ўғлингизман, дада!

Бадавлат киши кибр ила этикдўз болага:

- Пойабзалимни тозала, - деб буюрди.

Болакай: - Хўп бўлади, жаноб, - деди.

Киши: - Тезроқ бўл, тезроқ! - деди жиркиб-хўмрайиб.

Болакай: - Қаерга шошяпсиз, жаноб? - деди.

Киши менсимай: - Сен бир ҳашорат пашша бўлсанг, нима ишинг бор қаерга шошаётганим билан, - деди афтини бужмайтириб.

Болакай: - Жаноб мен пашша эмасман, мен ҳам Аллоҳнинг яратган бир бандасиман - деди, маъюслик билан.

Киши: - Ярамас бола экансан-ку, жим бўлмасанг, шапалоқ тушираман, - деди асаби бузилиб.

Болакай аста хўп бўлади, жаноб! Лекин сизга бир саволим бор эди... – деди.

Киши: - Тезроқ сўра, шошиб турибман, - деди, қошини чимириб.

Болакай: - Мен билан тенг болаларингиз йўқми? - деди, секин боқиб.

Киши: - Сен билан баробар фарзандим бор эди, лекин бир неча йил илгари уни йўқотиб қўйганман... - деди, ўйга толиб.

Болакай: - Уни яхши кўрармидингиз? - деди.

Киши: - Қалбимдаги эски яраларимни тирнама... - деди маҳзун бўлиб.

Болакай иккинчи марта: - Йўқолган болангизни яхши кўрармидингиз?! - дея сўради.

Киши: - Сенга нима?! - деди энсаси қотиб.

Болакай учинчи бор сўради: - Йўқолган болангизни яхши кўрармидингиз?! - деди.

Киши: - Қанийди уни учратсам, - деди.

Болакай: - Мен сизнинг болангизман, - деди.

Киши: - Болаларим сен каби исқирт ҳаёт кечирмайдилар, - деди истеҳзоли кулиб.

Болакай: - Аллоҳ номига қасам ичаман! Мен сизнинг болангизман! - деди.

Киши болакайни оёғи билан тепиб-итариб юбориб: - Бошқа бу гапинги такрорлама! - деди ўшқириб.

Болакай кўзлари жиққа ёш бўлиб: - Сиз дадамсиз... ахир, дада -а -ам, - деди.

Киши: - Бу гапни қаердан олдинг, аҳмоқ? - деди жаҳли чиқиб.

Болакай: - Бир йил олдин онам вафот этди. Ўлимидан олдин мени мана шу уйнинг олдига олиб келиб, «шу ерда даданг яшайди» деди. Мен ҳар куни тонгда келиб сизни уйдан чиқишингизни кутиб турар, чиқсангиз оёқ кийимингизни тозалаб қўйиб, сизга яхшилик қилмоқчи бўлиш илинжида бўламан, - деди йиғлаб.

Киши: - Онанг ким? - деди ҳайратланиб, майин овозда.

Болакай: - Менга ҳомиладор бўлганини эшитиб, ярим кечаси кўчага қувганингиз ўша аёл менинг онам эди, - деди кўзёшини артиб.

Киши: - Нимааа? - деди, ажабланиб.

Болакай: - Отажон, елкангизда чандиқ изи бор, - деди ишонишига умид қилиб

Киши: - Сен... Се-е-ен???, - деди-ю, тиз чўкиб қолди.

Болакай: - Исмим нима биласизми? - деди.

Киши: - Исминг нима, бо...о...о..лам?! - деди.

Болакай: - Исмим, сизнинг исмингиз, дада! - деди.

Киши: - Нима учун, менинг исмим сенга қўйилди? - деди таажжубланиб.

Болакай: - Онам одамлар мени сизнинг исмингиз билан чақиришлари ва кун келиб сизга йўлиқишимни жуда умид қилганди, - деди бошини эгиб.

Киши: - Онанг қаерда? - деди саволга тутиб.

Болакай: - Онам вафот этган. У менга «отангни қидириб топ, унга яхшилик қил! Хизматини қил, шояд шу сабаб жаннатга кирсанг» деб васият қилган, - деди илтижо қараш қилиб.

Киши чидаб туролмай ҳаммани олдида йиғлаб юборди. Кўзёшлари юзини ювди. Болакайни маҳкам қучди ва: - Болажоним, сени қанчалар соғинганимни билсайдинг... - деди.

Болакай: - Онамни ҳеч ҳам соғиндингизми?! - деди.

Киши жим бўлиб қолди, ҳатто юзи қизариб кетди.

Болакай: - Нимага жимсиз, дада? Онам менга айтган эдилар, иккинчи хотинингиз онамни талоқ қилишингизни ва шу пайтгача бирон марта кўрмаган фарзандингиздан воз кечишингизни шарт қилган экан, шунинг учун биздан кечдингизми? Онам қанчалар қийналганини билганингизда эди... шунда ҳам мени сизга нисбатан меҳр билан улғайтирди. Сизни ёмонламасди... - деди.

Киши афсус-надомат ичра сукут сақларди...