Бўлган воқеа: Тугун

Эшик қия очилиб котибанинг хиёл титроқли овози эшитилди.

- Рашид Ҳамидович, телефонда рафиқангиз сўраяпти.

У ўнг ёнида столда турган қатор телефонлардан бирининг гўшагини кўтарди.

- Алло!

- Дадаси, онажонимиздан айрилиб қолибмиз.

Сайёранинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди.

- Маҳалла оқсоқоли қўнғироқ қилди, жаноза кеч соат бешда экан...

Рашид Ҳамидовичнинг қўлидан гўшак тушиб кетди, ток ургандай қотиб қолди: “Онам, бечора муштипар онагинам! Ўлибди! Нега, нега ўлади, соппа-соғ юрганди-ку!?”

Падари бузуквори ўқитувчи эди. Нафақага чиққач, кўп ўтмай юрак хасталиги хуружидан оламдан ўтди. Ўлим ҳамманинг бошида бор. Бугунми- эртами, инсон бу дунёни тарк этади. Бошига тушган мусибатни енгишда Башорат холага ёлғиз ўғли Рашид таянч бўлди. Она ўғлини зиёли бўлиб, ота касбини давом эттиришини орзу қиларди. Рашид мактабни битириб, рўзғор тебратишда онаизорига ёрдам бериш учун ишга кирмоқчи бўлганида унга насиат қилди.

- Ўғлим, мана, мактабни ҳам битирдинг, билимларинг совумай туриб, бирорта ўқишга кирсанг бўларди.

- Энажон, рўзғорни ким тебратади, қийналиб қоласиз.

- Мендан хавотир олма, болам, худога шукур ҳали куйдириб-пиширишга қурбим етади, насиб бўлса ўқисанг, отанг касбини давом эттирсанг, руҳи шод бўларди раҳматликнинг.

Рашид институтда ўқий бошлади. Ётоқхонда турар, ҳар якшанба уйга борганда онаси Башорат хола бир ҳафтага етгулик нон ёпиб, майиз, туршак, ёнғоқ, жийда билан тўрвага солиб бериб юборар, сут-қатиқ сотишдан йиққан пулини “Йўлкира қиласан”, деб қўлига тутарди.

Институтни битиргач, тақсимот комиссияси уни икки йил муддатга ишлаб келиш учун олис вилоятлардан бирига жўнатди. Бу муддат Рашид учун узоққа чўзилиб кетди. Хизмат пиллапоялардан тез юқорилаб борди. Билимдон, тиришқоқ, одамохун йигит таниш-билиш, ёр-у биродарлар орттирди, жамоатчилик меҳрини қозонди. Уйланди, уйли-жойли бўлди. Ўша ерда туб қўйиб палак ёзди. Башорат хола аввалига ўғлини бағридан узоқда бўлишига қаршилик қилди. Ўзга масканга кўчиб боришга эса рози бўлмади.

- Отангнинг арвоҳи чирқиллаб, чироғи ўчишини истамайман, - деб кўз ёши қилди. Кейин ноилож “Келиним, набираларимни олиб, йўқлаб келиб турсанг бўлди, айланай, қаерда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин, беш кунлигим борми-йўқми, дийдорингга зор қилмасанг бўлди, болам”, дея розилик берди. Аввалига онасини ҳафта-ўн кунда йўқлаб турган йигит Рашид Ҳамидовичда айлангач, бунга вақт тополмай қолди.

Кимсан, катта корхона бошлиғи. Атрофида соясига салом бергувчилар, тонготар базми жамшид уюштирувчи лаганбардор улфатлар кўпайди. Бу унга хуш ёқарди. У йўлига интизор кўз тикиб, дийдорини қумсовчи мушфиқ онаизорига пул жўнатиб туриш билан чекланарди.

Рашид Ҳамидович ўтмиш хотираларидан дили вайрон бўлиб ўрнидан турди. “Жаноза кеч соат бешда дедими?”. У соатига қаради, эрталабки ўн бўлибди.  Бемалол улгуради.

Дафн маросимига тумонат одам тўпланди. Башорат хола қишлоқнинг кайвони онаси эди, тўй-маъракаларда аёлу эркакка бош-қош бўлиб турарди. Қишлоқдошлар, қариндош-уруғ, таниш-билиш, ёр-у биродарлар қайғу билан таъзия билдиришганда Рашиднинг юрак-бағри эзилиб кетди. Тириклигида онасини унутиб, кибр-ҳавога берилиб, ҳатто қўнғироқ қилиб аҳволини сўрамаганидан афсусланди. “Дийдорингга муштоқ, сўнгги нафасини олаётганида ташна лабига бир томчи сув томизишга ярамаган сен фарзандмисан”. Рашид таъзия билдирувчилар нигоҳида шундай маломатни туйиб, кўз ёшларини тия олмади.

Ҳамдардлик билдирувчилар сийраклашгач, қўшниси Сора момо Рашидни ёнига чақирди.

- Бандаликда, болам. Сенга Худо сабр берсин. Жаннати аёл эди, онанг раҳматлик. Аллоҳ охиратини обод қилсин, омин!

Сора момо ҳамдардлик билдиргач, ёнидан тугунча олиб Рашидга узатди.

- Бу нима, момо?

- Ол, болам, онанг сенга бериб қўйишимни васият қилганди. Сен юборган пуллар. Дийдорингга зор бўлиб кетди шўрлик, - Сора момо чорсуси учи билан кўз ёшларини артди.

- Эна, энажон! - Рашид ярадор шердек ўкириб юборди. Қўлидаги тугун тап этиб оёғи остига тушди.

Тоғаймурод Шомуродов.