«Бўлуб илми ҳикматда устоди фан…»

Бу муқаддас заминда не-не улуғ зотлар, алломалар ўтган. Улар дунё тамаддунининг бешигини тебратишган, башариятни илму маърифат, ёруғ кунлар сари етаклашган. Уларнинг табаррук номларини ёд этиш биз тирикларнинг вазифамиздир.

Профессор Раҳматулла Қўнғуров (1933-1994) ўзининг онгли ҳаётини яхшиликка, эзгуликка, инсонлар манфаатига хизмат қилишга, ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган беназир инсонлардан бири эди. Афсуски, ҳаётдан жуда эрта - 61  ёшида кўз юмдилар. Ҳаёт бўлганларида 88 ёшни қаршилаган бўларди… Яхши ниятлар билан вояга етказган ва тарбиялаган фарзандлари ва шогирдларининг хизматларини кўра олмай кетганлиги армон бўлиб қолди.

Узун кечаларда хаёл тўлқини

Бостириб келади гуруҳ ва гуруҳ,

Кечалар қўлидан қочиб, юлқиниб,

Учраб қолар шунда бир оромсиз Руҳ.

Бу не сир, не ҳол бу, нима ўзи бу?

Билмайман, кўп оғир ўйга толаман.

Кимдир фароғатсиз яшаб ўтгану

Ўшанинг руҳи бу, демоқ бўламан. (Муҳаммад Али)

Асли форишлик бўлган Р.Қўнғуров Жиззах педагогика билим юртини тугатгач, Самарқандга келиб дорилфунунда таҳсил олган, уни имтиёзли диплом билан тугатган ва бир умр шу қутлуғ даргоҳда талабаликдан тортиб профессорликкача бўлган шонли йўлни босиб ўтган мураббийдир. Домланинг 300 дан ортиқ дарсликлари, монографиялари, ўқув-методик қўлланмалари, илмий-оммабоп мақолалари бугунги мустақиллик шароитида ҳам ўзбек тили илмини ўрганишда асқотмоқда. У киши тарбиялаган фарзандлар, шогирдлар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида, айниқса, таълим соҳасида самарали хизмат қилмоқда.

Домланинг яқинларидан бири сифатида у киши ҳаётлигида ёнида энг кўп бирга бўлган шогирдларидан бири, балки мендирман. Аммо хотира ёзишга ҳеч қўлим бормайди. Сабабини англаш ҳам, тушунтириш ҳам қийин. Устоз оламдан ўтганларидан кейин у зотнинг хотирасига бағишлаб Самарқанд давлат университетида 1998, 2003, 2008 йилларда республика конференциялари ўтказилди. Анжуман якунларига кўра нашр этилган тўпламларда ҳам бир оғиз фикр айта олмадим.

Ўйлаб қарасам, ёшимиз бир жойга бориб қолган бўлса-да, ҳамон азиз инсонларим – отам ва устозимнинг табаррук номлари соясида яшаб келаётгандайман. Шунисига ҳам минг бор шукур. Чунки фарзанд учун ҳам, шогирд учун ҳам ота-она ва устознинг тириклигида розилиги ва дуосини олмоқ улуғ саодат эканлигини юракдан ҳис қилиб яшаяпман.

Домла билан кўп суҳбатлашардик, бу суҳбатларимиз асосан йўлларда, сафарларда бўларди. Турли мавзуларда гаплашганмиз. Табиийки, баъзан суҳбатларимиз илм аҳли, ҳамкасбларимиз тўғрисида бўларди. Домла биз шогирдлари учун ҳамиша ташвишда эдилар, эртамизни ўйлар, фарзандларидан кам кўрмас эдилар.

Агар устоз тирик бўлганларида эди, фарзандлар ва шогирдлар камолини кўриб қувонармиди… Бизлар ҳам неча йилларни довдираб, самарсиз ўтказмасмидик. Янаям, Аллоҳ билгувчидир…

Устоз Р.Қўнғуров ўзбек тилининг долзарб масалаларига бағишланган илмий-тадқиқотлар олиб бориш билан биргаликда ўнлаб фан номзоди ва доктори даражасидаги шогирдлар ҳам тайёрлади. Тилшунослик илмининг энг қизиқарли йўналишларида ёш авлодга таълим берди. Олимлар орасида жуда камдан-камларгагина насиб этадиган «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби», деган юксак унвонга сазовор бўлди. Самарқанд стилистика мактабига асос солди.

Унвонлар ҳам балки ўз йўлигадир. Аммо домла «ИНСОН» деган буюк унвонга лойиқ бўлиб яшади, тоғликларга хос мағрур ҳаёт кечирди, ҳаётда ҳам, илмда ҳам ўз сўзини айтиб кетди. Бу сўз ҳали фарзандлари, шогирдлари ва қолдирган илмий мероси мисолида кўп йиллар жаранглаб туради.

Айтишларича, икки буюклик – Аллоҳ ва руҳ абадийдир. Бугун нафақат устоз, балки пиру муршид мақомида бўлганлигини эътироф этаётганим Раҳматулла Қўнғуровнинг покиза руҳлари ҳам абадий ва биз яқинлари учун ҳамиша азиздир.

Суюн КАРИМОВ,

профессор.