Бозорларда қишин-ёзин сархил мева-сабзавотлар бўлади

Самарқанд тумани ҳокимлиги томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган йирик совуткичли омборхоналарга пресс-тур ташкил этилди.

"Навобод" маҳалласида жойлашган “Ансаржон Агро Саховат” фермер хўжалигида ҳар бири 200 тоннагача сиғимга эга 13 та совуткичли омборхона бор. Уларда мавсумга қараб, турли мева-сабзавотлар йиғилади ҳамда экспортга тайёрланади.

-  13 гектар ерда боғ ва узумзоримиз бор, - дейди хўжалик иш юритувчиси Орифбек Қорабеков. - Аммо биз фақат улардан олинадиган ҳосилга қараб қолганимиз йўқ. Омборхонамизда Самарқанд ва бошқа вилоятларда етиштириладиган энг сара қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йиғилади. Бу ерда уларни қадоқлаб, хориж давлатларига экспорт қиламиз.

Фермер хўжалиги мустақил транспорт логистикасига эга. 8 та махсус жиҳозланган юк ташувчи машиналар маҳсулотнинг ўз манзилига сифатини йўқотмай, қисқа фурсатда етказиш имконини беради. Ўтган йили ундан биргина Россия Федерациясига 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

- Хорижда қора кишмиш ва тойфи навли узумларимизга талаб ортиб бормоқда, - дейди О.Қорабеков. - Бундан ташқари, Самарқанднинг ширали қовуни, тарвуз, сабзавотлар ҳам харидоргир. Хитой технологиялари билан жиҳозланган омборхоналаримиз бу маҳсулотларни 3 ойдан 6 ойгача сифатини бузмай сақлаш имконини беради. Демак, хоҳ у хориж, хоҳ маҳаллий бозор бўлсин, доим сифатли мева ва сабзавотлар етказилади.

Туманнинг "Нуробод" маҳалласидаги “Лутфия Амина узумзорлари” фермер хўжалиги ташкил этилганига кўп бўлмади. Шундай бўлса-да, унда аллақачон маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш бошланган.

- Туркия технологияси асосида қурилган 500 тонна сиғимга эга совуткичли омборхонамиз бор, - дейди хўжалик раиси Зафар Исмоилов. - Биз маҳсулотни ҳозирча фақат Россияга экспорт қиляпмиз. Кўплаб деҳқон хўжаликлари билан келишувга эришдик. Фаолиятимиз кун сайин ривожланиб бормоқда. 14 нафар маҳалла аҳолисини иш билан таъминладик. Шунингдек, ҳар куни 20-30 нафар, йиғим-терим вақтида эса 100 нафаргача фуқароларни мавсумий ишларга жалб қиламиз.

Асқар Баротов.