Бугун ўзбек ва тожик адабиёти намояндаси Садриддин Айний таваллуд топган кун (1878-1954)

Ўқувчиларга “Одина”, “Дохунда”, “Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими” каби асарлари билан яхши таниш бўлган ёзувчи, олим, ўз даврининг жамоат арбоби Садриддин Айний 1878 йил 15 апрелда Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Соктари қишлоғида туғилган.

Масжид қошидаги мактабда илк таълимни олиб, сўнг қишлоқ мулласининг рафиқаси Биби Халифа мактабида ўқиган.

1890 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. Бу ерда таълим берилувчи китобларга нисбатан, кўпроқ шеърият билан қизиқади. “Айний” тахаллусини у 1896 йил олган.
1905 йил машҳур шоир бўлгач, унинг шеърлари сайланма асарлар тўпламига киритилган. У вақтлар ташкил қилинган “Маърифат” жамияти “янги услубдаги” мактаблар (маҳаллий) учун дарсликлар ёзган.
1920 йил уйланиб, оиласи билан Самарқандга келади. Бу ерда мактабда дарс беради, сўнгра бутунлай адабий фаолият билан шуғулланади. 1929 йил Тожикистон Марказий сайлов ҳайъати аъзоси, 1934 йил эса ўша вақтдаги бутуниттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти аъзоси этиб сайланади.

У илк бор “Тожик адабиёти намуналари” номли тожик миллий ижодий сайланмасини тузган. Садриддин Айний Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон ФАнинг шарафли аъзоси, филология фанлари доктори, Тожикистон ФАнинг биринчи президенти, Тожикистон Давлат мукофотининг биринчи лауреати бўлган.
Садриддин Айний асарларини тожик ва ўзбек тилида ёзган. У икки халқ адабиётига катта ҳисса қўшган. Унинг “Одина”, “Дохунда”, “Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими”, “Хотиралар” (“Бухоро”) асарлари севиб ўқилади. Асарлари рус, украин, беларус, литов, поляк, чех, француз, урду тилларига таржима қилинган.
Сайдриддин Айний 1954 йил 15 июль куни Душанбе шаҳрида вафот этган.