Бугун “Пахтакор-79” хотирасига бағишланган ўртоқлик ўйини ўтказилади

1979 йил 11 август ўзбек футболи мухлислари учун мудҳиш кун сифатида тарихга муҳрланган. Ўша куни СССР олий лигасида навбатдаги тур ўйинини ўтказиб қайтаётган “Пахтакор” клуби авиаҳалокатга учраган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “Пахтакор” клуби ҳар йили ушбу санада мазкур ҳалокат қурбонлари хотирасига бағишлаб турли тадбирлар, хусусан, афсонавий футболчилар ўртасида мусобақа ўтказиб келади. Бу галги беллашув бугун, 14 август куни ўтказилиши режалаштирилган.
Унда Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Бахтиёр Ашурматов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Игнатий Нестеров, Равшан Ирматов каби номлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси Россия футболи афсоналарига қарши майдонга тушади.
Россия терма жамоаси таркибида Ринат Дасаев, Дмитрий Аленичев, Валерий Шмаров, Егор Титов каби футбол юлдузлари майдонга тушиши кутилмоқда.
Ўзбекистон фахрийлар терма жамоасига мамлакат футболи афсонаси Биродар Абдураимов, Россия фахрийлар термасига Александр Мирзаян бош мураббийлик қилади.
Мазкур баҳс бугун, Тошкент шаҳридаги “ЖАР” стадионида бўлиб ўтади. Ўйинга соат 19:00 да старт берилади.