Бугун Вашингтонда Байден ва Зеленский учрашади

Украина президенти Владимир Зеленский Вашингтонга ташрифи давомида АҚШ президенти Жо Байден билан учрашади, ҳозирда уларнинг учрашуви режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда сешанба куни CNN телеканали хабар берди.

“Афтидан, у [Зеленский] президент Байденга шахсан мурожаат қила олади, ҳозирда президент Зеленский Оқ уйга ташриф буюриб, президент Байден билан шахсан учрашиши режалаштирилмоқда”, — деди журналист жонли эфирда.

Унинг таъкидлашича, Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи АҚШнинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети эълон қилиниши билан бир вақтга тўғри келади. Шу билан бирга, “Патриот” ракетага қарши мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган.

Кеча эрталаб Axios портали манбаларга таяниб, Зеленский 21 декабрь куни Вашингтонга ташриф буюриши ҳамда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенатининг қўшма йиғилишида нутқ сўзлаши ҳақида хабар берган эди. У Украинага кўрсатилаётган миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам учун қонунчиларга миннатдорчилик билдириши, шунингдек, Киевга ажратилаётган молиявий ресурслар миқдорини оширишни сўраши кутилмоқда.

Бу Зеленскийнинг Россия Федерациясининг Украинада махсус ҳарбий операцияси бошланганидан бери АҚШга биринчи ташрифи бўлади.