Бугун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ушбу сана 73 йилдан буён бутун дунёда байрам қилиб келинади.

Ўз болангни ўзинг асра!

Турли-туман савдолардан,
Ёвуз ният ғавғолардан,
Оқимлардан, балолардан,
Ўз болангни ўзинг асра!

Ҳаёт – синов, эмас ўйин,
Нафсингга эгмагин бўйин,
Кўрмоқ бўлсанг унинг тўйин,
Ўз болангни ўзинг асра!

Ватан - кўзинг қароғидир,
Севги - дилнинг сўроғидир,
Фарзанд - уйнинг чироғидир,
Ўз болангни ўзинг асра!

Не бор оиладек азиз,
Умр фарзанд билан лазиз,
Келажакка солгучи из,
Ўз болангни ўзинг асра!

Чайқалиб турибди жаҳон,
Нур ва зулмат жангда ҳамон,
Қолсин десанг наслинг омон,
Ўз болангни ўзинг асра!

Неларни кўрмади бошинг,
Оёғингдан чалди лошинг,
Порласин десанг қуёшинг
Ўз болангни ўзинг асра!

Ишонмагин ёлғонларга,
Ёт элларда қолғонларга,
Юртга оғу солғонларга,
Ўз болангни ўзинг асра!

Огоҳликни берма қўлдан,
Оғишмагин тўғри йўлдан,
Хавф-хатар бор ўнгу-сўлдан,
Ўз болангни ўзинг асра!

Боболар тинч ётсин десанг,
Тиниқ тонглар отсин десанг,
Еган нонинг тотсин десанг,
Ўз болангни ўзинг асра!

Тўкилмасин кўздан жоланг,
Оҳ бўлиб чиқмасин ноланг,
Ахир у ўзингнинг боланг,
Ўз болангни ўзинг асра!

Қўлласин мард боболаринг,
Офтобюрак момоларинг,
Тиниқ бўлсин самоларинг,
Ўз болангни ўзинг асра!

Бу - дил амри, эмас шиор,
Атрофингга боққил ҳушёр,
Чорлаб турар она диёр,
Ўз болангни ўзинг асра!

Гуллаётган тупроқ ҳаққи,
Уйингдаги чироқ ҳаққи,
Шу муқаддас байроқ ҳаққи,
Ўз болангни ўзинг асра!

Йўлга чиқди катта карвон,
Замин қутлар, қутлар Осмон,
Яшнар десанг Ўзбекистон,
Ўз болангни ўзинг асра!

Ёр МУҲАММАД.