Бугунги куннинг фидойилари
Ҳар гал “Зарафшон”ни қўлга олар эканман, қувонаман. Чунки газета саҳифаларидаги мақолаларни ўқиб, уларнинг қаҳрамонлари билан суҳбатлашгандай, сирлашгандай бўламан.
Ақлимни танибманки, матбуот менинг энг яқин ҳамроҳим. Қувваи-ҳофизам етганича оммавий ахборот воситаларида ижод намуналарим, мақолаларим билан фаол иштирок этиб келяпман.
Ўзим қўшни Навоий вилоятидан бўлганим учун “Зарафшон” газетаси билан яқин ҳамкорлик қилаётганимга кўп бўлгани йўқ. Аммо кейинги 7-8 йилда тарихий ва диний-маърифий мавзулардаги мақолаларим босилиб турибди. Рости, шу туфайли одамлар, ўқувчилар, газетхонлар ўртасида эътибор топдим, кўплаб ажойиб инсонлар орасидан дўст-биродарлар орттирдим. Бир сўз билан айтганда, “Зарафшон” газетаси билан ҳамкорлик қилиб кам бўлмадим.
АҚШнинг таниқли сиёсий арбоби Томас Жефферсон: “Халқ ҳукуматсиз яшаши мумкин, аммо газетасиз яшай олмайди”, деган экан. Менимча ҳам бу ҳавойи сўзлар эмас, балки айни ҳақиқат. Баъзилар: “Ота-боболаримиз газета-журналлар бўлмаган даврларда ҳам яшашган-ку”, дейишади. Тўғри, ўша қадим даврларда матбуот бугунги шакл-у шамойилда бўлмагандир. Лекин амр-фармон ҳамда турли хабарларни халққа етказиб турувчи жарчилар, одамлар орасида тарғибот-ташвиқот олиб борувчи маддоҳ-у воизлар, халқнинг ижтимоий фикрини ўрганувчи хуфя-даракчилар ва, ниҳоят, ҳар хил мол-матоларни реклама қилувчи даллол-у далолатчилар етарли бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, ахборот олиш эҳтиёжи ҳамма даврларда бўлган. Назаримда, ҳатто ғорлардаги қадимий суратларни ҳам олис аждодларимиз шунчаки эрмак учун чизишмаган. Балки ўша суратлар орқали овлаган ўлжалари ҳақида хабар беришган ёки уни реклама қилиб мақташган. Фақат давр ўтиши билан ахборот олиш ва тарқатиш усули ўзгариб борган.
Мамлакатимизнинг кекса нашри - “Зарафшон” бу йил 110 йиллик тўйини нишонлайди. Шунча йилдан буён газетада фикр юритишга ундайдиган ва маънавий оламга баҳра берадиган мақолалар босиляпти. Таҳририятда машаққатли меҳнатларидан нолимай, чарчамай, толмай ўз ижод-ишини шараф билан уддалайдиган қаламкашлар бор.
Бугунги кун газетачиларини чин маънодаги фидойилар, дейилса асло муболаға йўқ. Бу ҳақиқатни англаган оддий бир қаламкаш сифатида дил сўзим: Борларингизга шукр, ҳорманг ва толманг, “Зарафшон”чилар!
Суюндик Мустафо Нуротоий.