Булунғур тумани иқтисодиётига пандемия салбий таъсир кўрсатмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда

Булунғур тумани ҳокими Б.Баҳромов иштирокида онлайн-брифинг бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, COVID-19 вируси юқтирган бўлиши мумкин, деган шубҳа билан туманда 458 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган бўлса, уларнинг 416 нафари тиббиёт бирлашмаси хулосасига кўра, кузатувдан чиқарилган. Туман бўйича 34 хонадондан 42 нафар фуқаро карантин кузатувида қолмоқда. Уй шароитида карантин кузатувига олинган фуқароларни назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимлари билан биргаликда 21 нафар ИИБ ҳодимлари жалб этилган.

Олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан карантин қоидаларини бузган 1 678 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексининг 54-моддасига асосан баённомалар расмийлаштирилган.

Шундан, 7 нафар фуқарога нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, 1 671 нафар фуқароларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида жарима тайинланган.

Карантин шароитида аҳоли орасида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида 100 дан ортиқ арзонлаштирилган кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилган. Шунингдек, 1 та кўчма дорихона доимий фаолият юритиб келаётган бўлса, туман марказидаги 12 та дорихона томонидан етказиб бериш хизмати йўлга қўйилган.

Аҳолининг ун ва ун маҳсулотларига талабини қондириш мақсадида 24 та тадбиркор томонидан тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан олинган ун маҳсулотлари маҳалла марказларига етказиб бериш амалиёти жорий этилган.

Карантин даврида иқтисодий қийин шароитда қолган 106 нафар оилага ҳомийлар ҳисобидан 1 миллион сўмдан пул маблағлари, 2000 та оилага 2 мартадан 13 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик буюмлари етказиб берилган. Бугунги кунга қадар камбағал оилаларнинг 1975 нафар аъзосининг бандлиги таъминланган. Жумладан, улардан 1198 нафари бўш иш ўринларига жойлаширилган бўлса, 107 нафар фуқароларга ижарага ер берилган, 664 нафарининг жамоат ишларига жалб этиш орқали бандлиги таъминланган. Июнь ойида 616 нафар ишсиз фуқаролар жамоат ишларига жалб этилган.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида 231 та лойиҳа учун 7 миллиард 181 миллион сўм кредит маблағи ажратилган.

Туманда бўш турган объектлар негизида 24 та инвестиция лойиҳалари учун 7 миллиард 700 миллион сўмлик инвестиция мажбуриятлари амалга оширилиб, 78 та янги иш ўринлари яратилган.

Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.