Булунғурда болаларнинг боғчаларга қамрови 75 фоизга етказилади

Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирокида ташкил этилган этилган пресс-турда туман мактабгача таълим бўлими мудири Фазогир Ҳотамов маълум қилди.

- Туманда 129 та оилавий нодавлат, 7 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 29 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд, - дейди Ф.Ҳотамов. - Уларда уч ёшдан етти ёшгача бўлган 17 минг 600 нафар болалар тарбияланмоқда. Ўтган йил туманда 67 та, шу йилнинг ўтган даврида 2 та оилавий боғча очилиб, болаларни боғчага қамраб олиш кўрсаткичи 69,9 фоизга етди. Йил якунига қадар яна 15 та мактабгача таълим ташкилотини очиб, қамров кўрсаткичи 75 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг “Happy I” хайрия фонди Булунғурда 5 та мактабгача таълим ташкилоти қуриш, уни ўқув қуроллари ва ўйинчоқлар билан таъминлаш, ходимларнинг малакасини ошириш ишларини зиммасига олган.

Пресс-тур давомида иштирокчилар давлат-хусусий шериклик асосидаги “Билағон” ҳамда 6- ва 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти билан танишди.