“Совға-салом ташкиллаштирманг ва пул йиғимларига йўл қўйманг” — Вилоят ММТБ раҳбарияти ота-оналарга мурожаат қилди
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов ва бошқарма масъул ходимлари Матбуот уйида тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича “Очиқ мулоқот” ўтказди.
Таъкидланишича, коррупцияга мойиллик иллати мазкур тизимни ҳам четлаб ўтмаган. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими тизимида коррупция билан боғлиқ иккита ҳолат қайд этилган.
Жумладан, июнь ойида вилоят ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирида директор ўринбосари вазифасида ишловчи шахс фуқарога экстернат тартибида шаҳодатнома олиб беришни ваъда қилиб, 200 АҚШ долларини мактаб ҳудудида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқарма раҳбарига кўра, бугунги кунда коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тизим ташкилотларида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
Мулоқот сўнгида бошқарма бошлиғи ота-оналарга мурожаат қилди. “Аксарият ҳолатларда мактабларда совға бериш ташаббуси айнан ота-оналар томонидан чиқаётганлигини инобатга олиб, сизлардан мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга байрамлар ва туғилган кунлар баҳонасида совғалар ташкил қилмасликни, турли хил пул йиғимларига йўл қўймасликни сўраймиз. Ўқитувчи учун шогирдининг муваффақияти энг катта совға”, дейилади мурожаатда.