Ўзбекистонда мактабгача таълимга янгича ёндашув Euronews мухбири нигоҳида
Зилола Машарипованинг иш куни шундай бошланади: эрта тонгда у мактабгача ёшдаги болаларга дарс бериш учун Дашёк қишлоғига йўл олади. Ўнлаб шундай автобуслар Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланади. Бу мамлакатнинг кўплаб ташаббусларидан бири бўлиб, глобал мақсад - барча болалар учун истисносиз сифатли мактабгача таълим олиш имкониятини очишдир.
Euronews мухбири Галина Полонская Зилола билан биргаликда болалар мактабга янгича тарзда тайёрланаётганини кўриш учун Ўзбекистоннинг энг чекка вилоятларидан бири Хоразм бўйлаб саёҳатини бошлайди. Зилоланинг айтишича, бундай мобил ўқув гуруҳларининг имконияти катта.
- Кўчма ўқув гуруҳлари саъй-ҳаракатига биноан 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қишлоқларнинг энг чекка ҳудудларида ҳам сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга. Уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар бошланғич таълим олиш имкониятлари шаҳардагидан кам эмас, - дейди “Ақлвой” мактабгача таълим кўчма гуруҳи ўқитувчиси Зилола Машарипова.
Бу ерда болаларни мактабга тайёрлов гуруҳининг пайдо бўлиши ота-оналар орзусининг ушалишидир.
2012 йилда Ўзбекистонда болаларнинг 23 фоизи, қишлоқ жойларда эса атиги 8,5 фоизи мактабгача таълим олган эди. 2017 йилда кенг кўламли ислоҳотлар бошланди ва ҳозирда болаларнинг 60 фоиздан ортиғи қамраб олинган. Мактабгача таълим 6 ёшдан бошлаб мажбурий бўлди. Мамлакатда олти ёшли болалар учун бепул сиртқи гуруҳлар очилмоқда. Бола ривожланишига янги, шахсига йўналтирилган ёндашув биринчи ўринда туради. Ҳасян қишлоғида яқинда очилган мактабгача таълим муассасасида бўлиб, унинг қандай ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Қайси ўйинлар ўйнаш ва қандай билим олишни болаларнинг ўзлари танлайди.
Биз болалар ривожланишининг яна бир муқобил модели бўлган - “Ўйин гуруҳи” қандай ишлашини кўриш учун Хоразм вилоятининг яна бир қишлоғи – Шихмахшодда бўлдик. Бу ерда ҳам асосий сўз – ўйин. Ўзбекистонда мактабгача таълим ислоҳотини қўллаб-қувватлаётган БМТ Болалар жамғармаси, ЮНИСЕФ кўмагида Ўзбекистонда 8 та шундай гуруҳлар очилди.