Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Euronews энди Янги Ўзбекистондаги жараёнларни ҳам намойиш этади

Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) Euronews билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

ЎзЭОАВМАнинг CNN, Euronews, BBC Uzbek, Россия-24, МИР, Россия-К каби бир қатор хориж телеканаллари билан ҳамкорликда амалга ошираётган «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа-дастурига мувофиқ, дунёнинг йирик телеканаллари томошабинлари Янги Ўзбекистон ҳақидаги лавҳалар, видеороликлар ва эксклюзив видеоинтервьюлар билан танишадилар.

Қайд этиш жоизки, Euronews сайтида Янги Ўзбекистонга бағишланган махсус саҳифа очилган – https://www.euronews.com/special/a-new-uzbekistan. Ушбу саҳифада, телеканал эфирида бўлгани каби, глобал ҳамкорлик доирасида янги Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилувчи барча материаллар, репортажлар ва мақолалар, шунингдек, видеолавҳалар жойлаштириб борилади. Жорий йилда Euronews телеканали орқали Янги Ўзбекистон ҳақида 300 дан зиёд видеолавҳалар, 15 дан ортиқ махсус репортажлар эфирга узатилди, 10 та мақола чоп этилди.

Focus, Agenda, Cult ва бошқа дастурлардаги материаллар шу жумладандир.

Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши, энергетика тармоғи, минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, спорт ва ёш авлод, мактабгача таълим, маънавият ва маданият муҳим мавзулар бўлиб турибди.

Кеча Euronews телеканалининг инглиз тилидаги эфирида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан интервью берилган «Кун тартиби» (Agenda) дастури намойиши бошланди. Бу Euronews телеканалидаги аҳамиятли ва нуфузли дастурлардан биридир.

Телеканал мухбири Галина Полонская Содиқ Сафоев билан Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга Президент этиб сайланганидан кейин мамлакат қандай ривожланиши, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича режалари қандай экани ва Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш бўйича қандай таъсир кўрсатишга интилаётгани ҳақида суҳбатлашди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг бугунги Aфғонистон билан ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги, мамлакатда глобал ислоҳотларни давом эттириш, хорижий сармояларни жалб қилиш, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу дастур мақсади жаҳон аудиториясини Ўзбекистон билан, сўнгги йилларда мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар билан таништиришдан иборат. Дастур туфайли дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ўқувчилар ва томошабинлар Ўзбекистон – ғоят жадал ривожланаётган давлат ва жамият бўлиб, миллий ва халқаро инвесторлар учун янги ва катта имкониятлар бозори эканлигини билиб оладилар. Кўп жиҳатдан Ўзбекистон шарофати билан Марказий Осиё сиёсий барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик минтақасига айланиб бормоқда.

Тақдим этилган дастур Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган таъсирчан ўзгаришлар, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва жамиятни ривожлантириш борасида олиб борилаётган сиёсатни жаҳон ҳамжамиятига намойиш этади.

«Бу Euronews телеканалида берилган Ўзбекистон ҳақидаги бундай даражадаги биринчи интервью. Танланган мавзулар бугунги кунда Янги Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар, ислоҳотларга жаҳон оммавий ахборот воситаларининг самимий қизиқишидан далолатдир. Биз ушбу лойиҳаларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшаётган барча ҳамкорларимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз», деди ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Aбдухолиқов.