Булунғурда ҳоким фаол ёшларни тақдирлади
Шу кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида раҳбар ва ёшлар учрашувлари ўтказилмоқда. Булунғурда ҳам туман ҳокими Самандар Астонов ёшлар билан учрашди.
Учрашувда турли йўналишлар бўйича муваффқаиятларга эришаётган ёшлар, уларга яқиндан кўмак бераётган етакчилар, масъуллар тақдирланди.
Хусусан, туман ҳокими стипендияси учун тўртинчи бор ўтказилган фан олимпиадасининг 13 нафар ғолибига бир миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиблари бўлган 10 нафар, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти учун ўтказилган танловнинг вилоят босқичида юқори натижаларни қўлга киритган 3 нафар ёшлар ҳам тақдирланди. Ўтаётган йил давомидаги фаолияти натижадорлиги юқори баҳоланган 8 нафар ёшлар етакчисига, бундан ташқари ёшлар билан ишлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган 5 нафар нуронийга туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Аббос ЖАББОРОВ (фото).