Булунғурдаги тиббиёт муассасаларида аҳвол қандай?
Туманнинг чекка ҳудудларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат фаолияти билан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-тур мазкур саволга жавоб беришдан бошланди.
Дастлаб туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Воҳид Худойқулов муассасалар ҳақида маълумот берди.
- Туманда 305 ўринли марказий шифохона, 300 қатновли 3 та оилавий поликлиника, 400 қатновли оилавий шифокор пункти ҳамда 15 ўринли реабилитация бўлими аҳолига хизмат қиляпти, - дейди В.Худойқулов. - Уларда 241 нафар шифокор, 915 нафар ҳамшира, 239 нафар кичик тиббий ва 116 нафар бошқа ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Муассасаларимизда беморлар даволаниши учун қулай шароит яратилган.
Шундан сўнг, журналистлар тумандан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган "Хўжамазгил" маҳалласидаги 44-сон поликлиникада бўлди.
- Маҳаллада 4565 нафар аҳолига 30 нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда, - дейди поликлиника тез тиббий ёрдам шифокори Хайрулла Исоқов. – Поликлиникамизда алоҳида тез тиббий ёрдам шохобчаси бўлиб, унда 7 нафар навбатчи шифокор, 6 нафар навбатчи ҳамшира ишлаяпти. Олдин маҳалламизда тез тиббий ёрдам дорилари етишмасди. Энди эса аҳолига дорилар бепул тарқатиляпти. Яқинда янги тез тиббий ёрдам машинаси ҳам берилди. Ҳозир энг узоқ маҳаллага 12 дақиқада етиб боряпмиз.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ушбу маҳалла ҳудудидаги Фармонтепа қишлоғидаги Муродулла Сайфиев хонадонида бўлиб, бемор отахонга кўрсатилаётган тиббий ёрдам жараёнини кузатди.
- Ёшим 75 да, иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди М.Сайфиев. – Худога шукр, шифокорлар ҳар куни уйимга келяпти, кўзим учун муолажаларни вақтида оляпман. Керакли дори-дармонлар ҳам олиб берилди. Ҳозир кўзимдаги оғриқлар анча йўқолди.