Буюк бахшини эслаб...

Бахшичилик халқ оғзаки ижодининг ёрқин намунаси. Унда ҳар бир халқнинг ўтмиши, руҳияти, менталитети, қадриятлари, урф-одат ва анъаналари акс этади. Шу боис ушбу ноёб санъат мавжуд бўлган барча элларда у номоддий маданий мерос сифатида муҳофаза қилинади, юксак қадрланади.

Бахшичилик – икки буюк дарё, Амударё ва Сирдарё оралиғидаги цивилизацияларни яратиш қудратига эга бўлган улуғ аждодларимиздан мерос.

Бугунги кунда юртимизда ҳам ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тарихан ХIХ аср охирлари ХХ аср бошларида юртимизда достончилик санъати алоҳида гуллаган даври бўлди. Ислом шоир Назар ўғли ана шундай достончилик санъати мактаби намоёндаларидан бири бўлиб, Нарпайнинг донғини элларга таратган шу юртда туғилиб, катта бўлган истеъдодли ва ижодкор бахшилардан бири ҳисобланади.

Бугун Нарпайда машҳур бахши Ислом шоир Назар ўғлининг 150 йиллик юбилейи тадбирлари бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар ва фаол фуқаролар ҳамроҳлигида мазкур тадбир муносабати бахши дафн қилинган “Ислом шоир” қабристонига боришди, қабрини зиёрат қилишиб, қуръон тиловат қилишди.

Шундан сўнг, “Навқирон Нарпай” газетаси таҳририяти биносида бахши Ислом шоирга атаб ташкил этилган музейга ташриф буюришиб, буюк бахшини эслаб, у куйлаган достонлари, халқимизга қолдирган буюк мероси ҳақида суҳбат қуришди.

Шунингдек, тумандаги 13-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида иқтидорли ва истеъдодли санъаткорлар ҳамда бахшилар иштирокида “Ислом шоир Назар ўғлини эслаб...” номли мусиқий тадбир бўлиб ўтди.

Санъатга қизиқувчи ёшлар, турли вилоятлардан ташриф буюрган бахшилар ўз чиқишлари билан тадбирга ўзгача тароват олиб кирган бўлса, туманимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш рассомлар ва моҳир мўйқалам соҳиблари ўз ижодкорлик қобилиятларини намойиш этишиб, йиғилганларнинг кўнгилларини янада кўтаришди.

Тадбирда фаол иштирок этганларга ташаккурнома ҳамда эсдалик савғалари топширилди.