Буюк донишманд, етук сиёсий арбоб эди

Жадидшуносликда ҳақиқат айтиладиган давр келди

Бугун оммавий ахборот воситаларида, катта тадбирларда жадидлар, хусусан, жадидчилик ҳаракати карвонбошиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлар берилмоқда. Бунинг асосий сабаби давлатимиз раҳбарининг том маънодаги буюк шахс фаолиятини ўрганишга даъват қилган сўзлари, имзолаган қарорлари сабаб бўлди. Яъни, “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор мутафаккир бобомизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишни янги босқичга олиб чиқди. 

Қарордаги дастлабки сўзларга эътибор берамиз: “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси”. Асосчиси деган сўзнинг мағзини чақишдан аввал ҳаракат атамасининг тагзаминида ётган ғоя хусусида тўхталамиз.

Хўш, жадидлик ҳаракатининг моҳиятида қандай маънолар яширин? Нега шу пайтгача унинг фақатгина маърифий ҳаракат эканлигига урғу берилган? Бу каби саволларга жавоб бериш учун бир асрдан зиёд бўлган даврга, аввало, чор Россиясининг Туркистонни мустамлакага айлантириши ва кейинроқ большевикларнинг ҳокимиятга келиши фурсатларига ўзгача назар билан қарашга тўғри келади.

Жадид сўзини қандай тушунасиз?

Дастлаб, жадид (арабча янги) атамаси замиридаги маънолар ҳақида. Албатта, олимларимиз айтган маърифат, хусусан, таълим беришнинг янги усулини жорий қилиш деган ғояни инкор қилишдан йироқмиз. Лекин бу фикр янгича ҳаракатнинг асл мағзи эмас. Асосий англашилмовчилик ҳам жадид истилоҳининг фақат таълимдаги янгилик мазмуни билан кифояланишида деб ҳисоблашдан келиб чиққан. Бунинг сабаблари шундаки, миллий истиқлол ғояси акс этган ҳар қандай ҳаракатлар ва уларнинг тарғиботи чор даврида ҳам, большевиклар замонида ҳам нафақат қораланган, балки қамоғу қатағонлар билан жазоланган.

Жадид намояндаларининг янги ўқитиш тизимига қаршилик қилганларни эса “қадимчилар” дея аташган. Савол туғилади: қадимчилик ҳаракатми? Уларнинг низоми ёки шунга ўхшаш дас­тури бўлганми? Асло... Ўша давр газета-журнал ва архив материаллари уларнинг кўринмас кучлар томонидан ёлланган фитначилар эканлигини кўрсатмоқда. Оддий мисол: Самарқанд масжидларидан бирида чор ҳукумати тайинлаган имом томонидан жадидлар, хусусан, Беҳбудий кофир дея эълон қилинганини жума намозига борган кўпчилик эшитади. Ислом арконларини мукаммал билган муфти, мактаблар учун “Ислом тарихи” дарслигини ёзган олим Маҳмудхўжа Беҳбудийга бу гап етиб боради, албатта. Беҳбудий ўша имом ҳузурига бориб, қўйган айб­ловига асос сўрайди. “Кўринмас куч” буюртмасини бажарган диндор эса фикрини асослаш у ёқда турсин “бу гапни айтмаганман”, деб туриб олади. Бу каби мисоллардан кўринадики, жадидларга қарши кимлардир атай, кимлардир кўр-кўрона қаршилик қилган. Бироқ улар дастур тузиб ҳаракатларини ташкил этишмаган.

Жадидлар-чи? Уларнинг ҳаракат низоми бўлганми, дейишингиз мумкин, албатта. Чор ҳукумати мустамлакасидаги халқлар сиёсий партия тузиш у ёқда турсин, сиёсатга аралашган кишиларни аввал тавба қилдиришган ва махсус хизмат назоратига олган. Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шу жараённи бошидан ўтказган. У 1908 йилда “Таърих ва жуғрофия” сарлавҳали фелъетонини ёзгач, ундан айтган сўзлари учун изоҳ, тўғрироғи, тавба талаб қилишган. Беҳбудий тавба қилмаса-да, “Руссияни ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдирмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас эди...” (“Туркистон вилоятининг газети”(«ТВГ»), 1908 йил 18 декабрь). Беҳбудийга биров “сиё­сатга аралашма, сўзингни қайтиб ол” демаганида, у “Тавзеҳ”(“Изоҳ”) сарлавҳали изоҳ шарт бўлмаган мақоласида юқоридаги фикрини ёзган бўлармиди?

Фурсат ғаниматда бир фикр. Алломанинг тақдирига, давр зиёлиларига сезиларли таъсир қилган мазкур мақолани Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра тартиб бериладиган Беҳбудийнинг “Танланган асарлар”ига киритиш муҳим деб ҳисоблаймиз.

“Туркистон маданий мухторияти”  

Жадидлар бирлашиш, фикр айтиш ва ҳамфикрларни тўплаб, ҳаракатга айлантириш бўйича катта ишларни амалга оширишган. Масалан, газета ва журнал, китоблар чоп этишган, ёзганларини гапу гаштакларда, меҳмонхоналарда ўқишган. Шу билан бирга, имконият туғилганда сиртдан сиёсатга аралашмаган ҳолда низом ва дастурлар тузишган. Россиядаги 1905 йил талотўп­лари натижасида чор ҳукумати автократик занжирларни бироз бўшатишга мажбур бўлади. Ана шу имкониятдан фойдаланиб, жадидлар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўша пайтдаги Туркистон халқлари учун маданий давлат – маданий мухторият талаб қилган. Унинг 1907 йилда Россия думасига ёки Мусулмонлар фракциясига топширган “Туркистон маданий мухторияти” деб номланган лойиҳасини ўқиб, мозийдаги муҳим воқеликларга сабабчи бўлган ижтимоий-сиёсий вазиятлардан хабардор бўлиш мумкин.

Бу жуда йирик лойиҳа учун Беҳбудий қанча изланган, фикрлаган, маслаҳатлашган экан, деб ўйлаб қоламан ҳар гал уни ўқиганимда. Маданий мухторият дейилгани билан ҳужжатда сиёсату иқтисод ҳам, дину ҳуқуқ ҳам, қисқаси, Туркистон халқлари ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар ўрин олган.

Лойиҳада қайд этилган моддалар мазмунидан англашиладики, маданий мухторият асосида сиёсий мухторият масаласи ҳам турибди. Масалан, унинг бир моддасида шундай ёзилган: “Туркистонга кўчманчиларнинг олиб кирилиши тўхтатилсин”. Бу ўлкани кенг миқёсда руслаштириш сиёсатига қарши тўғридан-тўғри эътироз эди!

Ёки бошқа бандида “Оврупойи Русия мусулмонларидан зиёдароқ автономияни Туркистонға берилмоғи лозимдур”, дейди ва бу фикрни “туркис­тонлилар ҳануз дохилан ўзини-ўзи идора эдар ва Оврупойи Русиядаги қардошларимиздан ихтиёрлидурлар”, деб асослайди. Туркистон нисбатан озодроқдир, демоқда Беҳбудий. Бу фик­ри учун мустамлакачилар нега унга эътироз билдира олишмаган, нега уни жазолашмаган? Негаки, Бухоро амирлиги, Хива хонлиги қоғозда мустақил давлатлар ҳисобланган. Аслида ундай эмаслигини Беҳбудий билса-да, вазиятдан ҳуқуқий жиҳатдан зийраклик билан фойдаланган.

Лойиҳадаги “Туркистон мактаблари ва мадрасалари ҳукумат назоратидан озод бўлсун” талабини олайлик. Мактаб ва мадрасаларнинг чор ҳукумати назоратида бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатлар архивларда ўрганилишини кутмоқда. Мустамлакачилар маҳаллий халқнинг саводли бўлишига мутлақо қарши бўлишган. Масалан, таълим муассасасига мударрислар тайинлашда маҳаллий халқ орасидан билимли, ватанпарварларга эмас, балки порахўр, калтабин, чаламуллаларга ва мустамлакачининг ҳар қандай топшириғини ортиғи билан бажарадиган нусхаларга эътибор қаратилган. Юқорида тилга олганимиз – тарихга “қадимчилар” номи билан кирган ва жадид мактабларига қарши ҳужумлар айнан ана шу “тайин­ланган”лар томонидан амалга оширилган. Қолаверса, эски мактабларда боланинг умрини бекорга ўтказадиган тартиб­лар, ўқитиладиган дарслар мазмунига ҳам мустамлакачилар ана шу манқурт гумашталари воситасида аралашган. Масалан, география, тарих, аниқ фанлар таълим дастурига киритилмасдан, болалар ёшига мос бўлмаган адабиётлар ўқитилган. Битирувчилардан халқнинг корига ярайдиган яратувчи мутахассис эмас, бу дунёнинг ўткинчилигини барвақт тан олиб, фикрламасдан, ўз устида ишламай, эпласа маишатга бериладиган қултабиатлар етиштирилган. Бу ҳақда Беҳбудий кейин­роқ “Нажот” газетасининг 1917 йил 7 ноябрь сонидаги мақоласида шундай сўзларни ёзади: “Миссионерлар тарафиндан ва ёинки бизни йўқ ва нобуд бўлишимизни ва шариати муқаддасимизни ҳукмдан қолишини истайдургон эски ва мустаъбид ҳукумат одамлари тарафидан шундай закунлар чиқардики, масалан, “Ҳар бир 25 яшар туркис­тонлилар қози ва волостной бўлиши мумкиндур”, деган закун қўйилди... Бу закун бизга саводсиз ва илмсиз қозиларни оқча ва ришва (пора – Ҳ.С.) ила сайланмоғига ёрдам этди. Эски золим ҳукуматнинг иши ва дин бузгувчи одамлари ва миссионерлари мадрасаларимиз ва мактабларимиз тўғрисинда ҳам бизни ҳайвониятга ва жаҳолат майдонига ҳам йўқ ва маҳв бўлиш чуқурига суд­райдургон закунлар вазеъ этдилар. Мударрисни ҳеч нима билмайдургон ёш талабаларни мадраса­га сайлаб қуйиш тадбирларини закун қилиб чиқордилар... Мударрис на таълим этар, на бошқа-бош­қа ишларга назорат қилур эди. Натижада уламо озайди. Ахлоқ бузулди, уламо иснодиға жоҳил ва хоин­лар, соф саводсиз кишилар қози бўлди. Тадрис ва афтодаи ожиз кишилар муфти, мударрис бўлди. Бир мулла ҳам қози ва ҳам мударрис ва ҳам оқсоқол бўлуб, талаба, мирофаъчи ва аҳоли ишларини сактага учратди. Бошқа тарафга қарасанг қози ва мударрислик учун истеъдодномаси бўлган уламомиз оч юрадур. Оҳ, золим ҳукумат ва миссионерлар бизға налар қилдилар!..”

Аслида Беҳбудий миллатни йўқ қилишга, мангу қулликда сақлашга мўлжалланган катта фитнага қарши ушбу бандни ҳужжатга киритган эди.

Ҳужжатдаги “Рус ҳарфи (кирилл – ред) мусулмон миллатиға жабрий бўлмасун” деган талабни таҳлил қилиб кўринг. Бу ҳарф оқибатида қанча миллатлар ўз еридан, тарихидан мосуво бўлгани мисолида Беҳбудий талабининг нақадар тўғри эканлигини бугун зиёли кишилар яхши англайдилар, албатта.

“Наҳр ва катта ва кичик ариқ сувларини тақсими аҳолини иттифоқи ва машварати ила бўлсун. (Қайд: ҳозирги рус миробини тақсими кайфияси аҳолига кўп зарар келтирадур)”. Ҳолбуки, Туркистон тоғларидан бошлаб Орол денгизигача бўлган масофада сувни тўғри сарфлаш бўйича заминимизда асрлар давомида катта тажриба тўп­ланган ва буни ҳар бир даврнинг донишлари билишган. Қолаверса, бугун сув масаласида исталган минтақада фитна, жанжал чиқариш мумкинлигини англаб турибмиз. Лекин ўша пайтдаги ахборотсизлик муҳитида мустамлакачи олдига қўйилган бу талабни қандай тафаккурдаги инсон битганлигини бир тасаввур қилиб кўринг.

Умуман, ҳужжатдаги ҳар бир бандни чуқур таҳлил қилиш мумкин, улар сиртдан маданий кўринса-да, асосан сиёсий талаблардир ва шу боис у чор ҳукумати маъмурларининг ғаладонида қолиб кетган, жамоатчиликдан яширилган. Мурожаати эътиборсиз қолдирилганини англаган Беҳбудий унинг мазмунини кейинроқ газетада мақола тарзида чоп эттирган. Мақола билан мазкур ҳужжат қиёсланганда эса “Туркистон вилояти газетаси”нинг миссионер муҳаррири Н.Остроумовнинг қайчисига йўлиққани маълум бўлади.

Ҳалим Саидов, 

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)