Буюк шоирга эҳтиром кўрсатилди

Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган, шеърият мулкининг султони номи билан аталувчи марказий истироҳат боғи эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, олий, ўрта махсус ва халқ таълими муассасаларининг талаба ва ўқувчилари билан гавжум бўлди. Бу, албатта, самарқандликларнинг адабиётга, буюк шоир ижодига бўлган ҳурмати намунасидир.
Ҳайкал пойида мутафаккир таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва уларнинг бугунги кундаги қадр-қиммати хусусида фикр юритди. Ҳазрат Навоий асарлари дунё халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани қайд этилди.
Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди. Вилоят мусиқали драма театри санъаткорларининг саҳна чиқишлари, буюк шоир ғазаллари асосида яратилган куй-қўшиқлар тадбирга файз киритди.
Тадбир иштирокчилари бир неча асрлар ўтса-да ўз қадр-қимматини йўқотмай, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этиб келаётган нодир асарлар яратган Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.