Бюджет пули ҳисобсиз эмас
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, юзинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.
Бу галги сессияда ҳам вилоят ҳаёти билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг вилоятдаги ижроси бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаевнинг ҳисоботи эшитилди.
Х.Тўхтаев мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, 5 та йўналиш бўйича 46 мақсад ва 89 та вазифадан иборат 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланганини қайд этди. Айни пайтда ушбу дастурда белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 90 та мактабни реконструкция қилиш ва 4 та мактабни янгидан барпо этиш бўйича қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланган. Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларга касбга ўргатишни ташкил этиш бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан 5 тадан, жами 80 та мактабда мазкур амалиёт йўлга қўйилган. Бу мактабларни жиҳозлаш учун 4 миллиарда 485 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда ушбу мактаблардаги 292 тўгаракда 14 та йўналишда касблар ўргатилмоқда.
Дастурда жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида 7 та талабалар турар жойлари қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 6 та олий таълим муассасасида қурилиш ишлари бошланган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида эса ётоқхона учун ер масаласи аниқ бўлиб, июль ойидан қурилиш ишлари бошланади.
Шунингдек, дастур доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш ва уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, “оғир тоифа”даги ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларга йўллар, корхона ва ташкилотларда қўшимча қулайликлар яратиш ва бошқа йўналишлар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев ахборот берди.
Ҳисоботда саноат, иқтисодиёт, солиқ тушумлари, ижтимоий соҳалар билан боғлиқ натижалар танқидий таҳлил қилиниб, ҳар бир масала бўйича хулосалар берилиб, вазифалар белгилангани таъкидланди.
Хусусан, 2022-2023 йилларда вилоят бўйича 30 минг 904 гектар ер майдонини ижарага бериш юзасидан 54148 та шартнома имзоланган бўлиб, уларнинг норматив қиймати 1 триллион 367,3 миллиард сўмни ташкил этган. Мазкур ер майдонларининг умумий ижара суммаси 2022-2023 йил учун 230,4 миллиард сўмни ташкил этса-да, атиги 7,2 миллиард сўми ундирилган.
Бюджет маблағлари ҳисобидан 2023 йилда қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид равишда ғазначилик органларидан рўйхатдан ўтмаган шартномалар асосида 182 ҳолатда 28,3 миллиард сўмлик, шундан давлат ижро органининг ижро ҳужжатларисиз 145 ҳолатда 26,1 миллиард сўмлик тўловлар суд ҳужжатлари орқали амалга оширилган.
Вилоят бўйича 188 та бюджет муассасасининг электр энергия учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлиги оқибатида 4 миллиард сўмдан ортиқ пеня ҳисобланиб, бюджетдан ортиқча маблағ сарфланишига сабаб бўлган.
Ҳисоботда қайд этилган камчиликлар, йўл қўйилган нуқсонлар юзасидан вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиев, вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари У.Назаров, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъулларидан изоҳ сўралди.
Депутатлар ҳисоботни атрофлича муҳокама қилиб, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш бўйича раҳбарлар масъулиятини ошириш, ҳатто жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш зарурлигини қайд этдилар.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Эшонқуловнинг ҳисоботи тингланди.
Бошқарма бошлиғи жорий йилда вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги муассасалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар ўртасида IT соҳасини янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, ёшларни спортга кенг жалб қилиш масалаларига тўхталди.
Депутатлар Самарқанд туманида кичик саноат зонаси, Жомбой тумани “Журият” кичик саноат зонаси негизида эса озиқ-овқат саноати технопарки ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилдилар.
Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисидаги, “Ширин” массивия қурилиши муносабати билан жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш ҳақидаги масалалар ҳам кенг муҳокама этилди.
Иссиқлик билан таъминловчи корхоналар томонидан Самарқанд шаҳри ва Нуробод туманидаги аҳолига кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифлар белгиланди.
Бундан ташқари, сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, вилоятда 2025 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастлабки манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.