“Чавқи ниҳоллари” фестивалнинг вилоят босқичи ғолиби

Самарқанд шаҳар 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида фольклор санъатини кенг тарғиб қилиш орқали ёшларни миллий қадриятларимиздан хабардор қилиш, йўқолиб кетаётган анъаналаримиз ва халқ оғзаки ижодини қайта тиклаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган “Келажак” фольклор фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда фестивалнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлган саккизда жамоа ўз миллий қадриятларини, ўйинларини, ҳунармандчилигини намойиш этди.

 - Боболаримиздан қолган айтишувларда, термаларда, қўшиқларда, миллий ўйинларда ҳикмат бор, - дейди “Чавқи” фольклор этнографик жамоаси раҳбари Эшбек Нормуродов. – Улар нафақат ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашади, балки уларни ҳар томонлама соғлом, зукко, топқир бўлиб камол топишига замин яратади. Жамоамиз қошида ташкил этилган “Чавқи ниҳоллари” болалар фольклор жамоаси ёшлари ҳам қизиқишлари туфайли ота-боболаримиздан қолган, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган қўшиқларни, термаларни ўрганиб келмоқда. Бугунги фестивалда ҳам эрта баҳордан мол-қўйларини адирларга олиб чиққан болаларнинг ўзига хос ўйинларини, айтишувларини куйлашди. Йўқолиб кетаётган податўп, чиллак, подачи, ҳаппак тош, ким кучли каби деҳқончилик ўйинларини намойиш этди.

Фестивалда ҳар бир жамоа ўз туманининг унутилаётган миллий анъаналарини, ўйинларини, ҳунармандчилигини, чолғу асбобларини саҳнага олиб чиқди.

Паст Дарғомнинг “Чархин ғунчалари” болалар фольклор жамоаси чўпонларнинг қадим чолғу асбобларидан бири сополнайни, чанқовузни, сибизғани, таҳрон, қўмалоқ каби миллий ўйинларимизни, Ургутнинг фольклор жамоаси эрта баҳорда табиат қўйнида куйланадиган деҳқончилик қўшиқларини, умбалоқ ошди, қарс-қурс, беш тош каби ўйинларимизни, Нарпайнинг “Наврўз” жамоаси эса туманнинг тикувчилик, тароқчилик, тақачилик, тўқим тикиш каби қадим ҳунармандчилигини ёдга солди.

Танлов якунига кўра, Булунғурнинг “Чавқи ниҳоллари” жамоаси биринчи, Паст Дарғомнинг “Чархин ғунчалари” жамоаси иккинчи, Оқдарёнинг “Миёнқол” жамоаси учинчи ўринга муносиб топилди.

Ғолиб жамоа фестивалнинг республика босқичида иштирок этади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.