Чеклашдан бошқа усуллар ҳам мавжуд

Ҳақиқатан ҳам, бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ўқувчининг қўлида, ота-оналарда телефон, планшет каби замонавий сўзлашув воситалари мавжуд. Нафақат сўзлашув, баъзилар учун у иш қуроли, хабардорлик ва бошқа кўплаб вазифаларни ҳам ўтамоқда. Аммо афсуски, интернетдаги ўйинларга нафақат болалар, балки ёши катталарнинг ҳам муккасидан кетиб, вақт ўтказаётганини кўрганман. Айтмоқчиманки, катталар ҳам ўзини бу масалада идора қилолмаётган бир шароитда болаларни ундан чеклаш учун нималар қилмоқ керак?

Яқинда ота-оналардан бири шикоят қилиб қолди.

Ўғлим уйда деярли дарс тайёрламаяпти, – дейди у. – Ахир уч соатдан бери интернетда ўйин ўйнаяпсан, энди дарс қилишга ўт, бошқа юмушларинг ҳам бор, дегандим, ўйнаётганига ярим соат бўлганини айтиб, менга жаҳл қилди. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланмоқда. Яъни, у компьютер ўйинлари билан машғул пайти вақт ўтганини сезмайди. Гапирсам, менга қулоқ солишни истамаяпти.

Бугун компьютер ўйинлари, интернет болаларнинг севимли машғулотига айланиб бўлди. Эндиликда фарзандингизга ўйинингни бас қил дейиш ёки тақиқ қўйиш, телефонини олиб қўйиш билангина масалага ечим топиш жуда мушкул. Бола билан кўпроқ суҳбатлашиш, ёшига қараб, унга китоб ўқиб бериш, у ёки бу масалада унинг фикри билан қизиқиш, табиийки, орада интернет ўйинларининг салбий томонлари ҳақида ҳам худди дўс­тингиз билан гаплашаётгандек суҳбатлашиши лозим. Аммо бугун ота-оналар олдида интернет ўйинлари билан бир қаторда ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликлар, турли оқимларнинг ёт таъсирлари каби ҳужумларга қарши курашишдай синовлар ҳам бор. Бу масалада эса ота-оналарнинг замонавий хаборот технологиялардан хабардорлиги давр талаби. Фарзанд улғайтираётган ота-оналар уйига интернет улатишдан аввал, провайдерлар билан бу ҳақда маслаҳатлашиши, компьютерга "ота-она назорати" деган дастурни албатта, ўрнатиши лозим. Шунда болаларини турли беҳаё суратлар, унинг руҳиятига салбий таъсир этувчи видео, матнлар мавжуд бўлган сайтларга киришдан асрашлари мумкин.

Нодира ИБРАГИМОВА,

Самарқанд шаҳридаги 12-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.