Чет тилларни ўқитишда коммуникатив ёндашувнинг қандай самараси бор?

Ахборот алмашинуви жадаллашиб, халқаро ҳамкорлик доираси кенгайиб бораётган ҳозирги даврда чет тилларни билиш замон талаби сифатида намоён бўлмоқда. 

Айниқса, ёш авлоднинг рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиши, уларнинг касбий салоҳияти ва шахсий ривожи чет тилларни қанчалик самарали ўзлаштиргани билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, чет тилларни ўқитиш жараёнида замонавий, илмий асосланган ва самарали педагогик ёндашувларни қўллаш долзарб аҳамият касб этади. 

Маълумки, анъанавий таълим тизимида чет тилларни ўқитиш жараёнида асосий эътибор, асосан, грамматик қоидаларни ўргатишга қаратилган. Бундай ёндашув ўқувчиларда муайян назарий билимларни шакллантирган бўлса-да, уларнинг тилни амалий мулоқотда қўллаш кўникмаларини етарли даражада ривожлантириб беролмайди. Ҳолбуки, бугунги кун таълим талаблари ўқувчидан чет тилида эркин мулоқот қила олишни, ўз фикрини равон ва аниқ ифодалашни ҳамда суҳбатдош нутқини тўлиқ англашни талаб қилади. Ана шу мақсадларни амалга оширишда коммуникатив ёндашув энг самарали усуллардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Коммуникатив ёндашувнинг асосий моҳияти тилни ўрганиш жараёнини тўғридан-тўғри мулоқот фаолияти билан боғлашдан иборатдир. Бу ёндашувда тил қоидалар мажмуи сифатида эмас, балки инсонлар ўртасида фикр алмашишга хизмат қиладиган тирик восита сифатида ўргатилади. Дарс жараёнида ўқувчилар турли ҳаётий вазиятлар асосида мулоқотга киришиб, ўз фикрларини эркин билдиришга ҳаракат қиладилар. Хусусан, кундалик ҳаётда учрайдиган суҳбатлар, расмий ва норасмий мулоқот шакллари, турли ижтимоий вазиятлар моделлаштирилиши ўқувчиларнинг амалий тил кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Коммуникатив ёндашув асосида ташкил этилган дарсларда диалог тузиш, ролли ўйинлар, жуфтлик ва гуруҳларда ишлаш каби интерфаол усуллардан кенг фойдаланилади. Бу каби машғулотлар ўқувчиларнинг фаоллигини ошириб, уларни таълим жараёнининг бевосита иштирокчисига айлантиради. Натижада ўқувчи пассив тингловчи бўлиб қолмай, балки билимни фаол равишда ўзлаштирувчи субъект сифатида шаклланади. Бу эса билимларнинг мустаҳкам ва барқарор ўзлаштирилишига олиб келади.

Коммуникатив ёндашувнинг муҳим жиҳатларидан бири ўқувчилардаги психологик тўсиқларни бартараф этишга қаратилганидир. Яъни, ўқувчилар чет тилида гапириш жараёнида хато қилишдан қўрқмайди, ўз фикрларини эркин баён этишга одатланади. Хатолар таълим жараёнининг табиий қисми сифатида қабул қилиниб, улар устида тизимли иш олиб бориш орқали тил кўникмалари такомиллаштирилади. Бу ҳолат эса ўқувчиларнинг ўзига бўлган ишончини ошириб, нутқий фаолликнинг янада ривожланишига замин яратади.

Тажрибалар шуни кўрсатадики, коммуникатив ёндашув асосида ташкил этилган дарслар ўқувчиларнинг нутқий фаоллигини сезиларли даражада оширади. Айниқса, гапириш ва тинглаб тушуниш кўникмаларининг қисқа вақт ичида ривожланиши кузатилади. Шу билан бирга, мазкур ёндашув ўқувчиларда чет тилини ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтиради, уларни мустақил фикрлашга ва фаол мулоқотга ундайди.

Хуллас, коммуникатив ёндашув чет тилларни ўқитишда замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, илмий жиҳатдан асосланган ва юқори амалий самарага эга метод ҳисобланади. Ушбу ёндашувни таълим жараёнига изчил равишда жорий этиш орқали ўқувчиларнинг чет тилини амалий жиҳатдан пухта ўзлаштиришига эришиш, шу орқали таълим сифатини янада ошириш мумкин. Бу эса келажакда билимли, фаол ва рақобатбардош авлодни тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Санобар Қипчақова, 

СамИСИ доценти.