Чиғириққа чиниққан руҳ
Шифокор ва ижодкор, “Зарафшон” газетасининг энг фаол ўқувчиларидан бири Муродим Умрзоқов ҳаёт бўлганида шу кунларда 80 ёшни қаршилаган бўларди. Ўзига хос бу одам Иштихонда туғилиб ўсган.
Асли касби шифокорлик бўлса-да, элга ижодкор сифатида танилган эди. Биринчи қиссаси 1990 йилларда шов-шувга сабаб бўлди, кейин бир муддат "Зарафшон"да ҳам ишлади.
Нафақага чиққандан кейин ҳам Муродим ака таҳририят билан алоқани узган эмас, баъзан ҳар ҳафтада бизга долзарб мавзуда мақола келтириб турарди. У ҳар бир воқеанинг ичига кириб, моҳиятини аниқлашдан, шу йўналишда китоблар варақлашдан эринмас, ҳар бир сатрига вужудини бағишларди. Шу сабабли ҳам инсон руҳиятидаги ўзгаришларга оид мақолалари доимо қизиқиш билан ўқилади.
Бугун Муродим акани хотирлаб, "Регистон" газетасининг 1997 йил 14 март сонида шоир Нодир Жонузоқнинг у киши билан уюштирган суҳбатини беришга жазм этдик.
***
Муродим Умрзоқ...
Касби шифокор. Айни пайтда оригинал асарлари билан ўзбек прозазида ўз ўрнини топмоқда. Ижодга жиддий кўз билан қарайди. Муҳими, у сиз ўйлаганингиздан бошқача инсон.
- Ижодкор шахсига таъриф бера оласизми?
- Ижодкор ҳаётнинг чигал чиғириқларидан ўтиб, унинг “лаззатли даҳшатлари”ни ўз танасида ўтказмоғи лозим. Ёзувчи қалбан пок бўлмоғи шарт.
- Носирнинг назмга ёхуд шоирнинг насрга муносабати қандай бўлиши керак?
- Назм ва насрни айри ҳолда тасаввур ҳам этолмайман. Илҳом қайси йўлни маъқул кўрса, ўшанда ёзиш керак. Алишер Навоий ёки Пушкиннинг насрий асарларини олинг, булар ҳам худди ёқимли шеърдай ўқилмайдими?
- Ёзиш услубингиз ҳақида тўхталсангиз.
- Услуб – бу, юқоридан қуюлиб келаётган “шалола”нинг шамойили, миқдори, йўналиши. “Шалола” ҳар бир ижодкорга ўзига хос кучга эга. Шунинг учун ҳақиқий ижодкорлар бир-бирини такрорламайди. Менинг услубим ҳам руҳий қувватимга боғлиқ.
- Ижодкорнинг руҳий қувват захираси бўлади, дейишади...
- Тўғри, руҳий қувватни тинимсиз ўқиш, ғайриоддий саргузаштларни ўтказиш, онгда “йилт” этган чақмоқларни илғаб қолиш, мақсад сари қатъий ишонч ва шу ишончга қоришган қувончгина бера олади. Яна, жудаям муҳими, спорт, ҳаракат... Ҳаким сифатида айтаманки, жисмонан ожиз кишининг руҳи ҳам ногирон бўлади.
- Истеъдодлар кўпинча моддий жиҳатдан қийналишади. Сиз-чи?
- Ростини айтайми? Менимча соф, покиза бадиий асарлар айнан ана ўша “иқтисодий муаммолардан қийналиш даври”да юзага келади. Рус сатирасининг отаси Гоголь “мен ёзувчиман, шунинг учун ҳам очимдан ўлишим керак!” деган экан. Менга келсак, одамлар назарида сира ёлчимаган кишиман. Бировлардан қарз олиб бир тийинни ҳам рўзғорга сарфламасдан ичиб юборган дамларим бўлди; қарз эгаларининг ҳақоратларини эшитишимга тўғри келди; баъзи дўстларим мени “моховга ошна” қилишди; лекин нимаики қилган бўлсам, “ялтироқ тўнимни ечиб”, асл ўзимни топиш учун қилганман. Илло, бу босқичлар инсондаги ҳушёрликни ошириб, руҳни ўткирлаштиради. “Шартнома” асосида ёзишга келсак, бу мумкин, айб ҳам эмас, фақат буни ёшларга сираям маслаҳат бермайман. Улар ҳали жисмонан, руҳий қувватлари бор экан, озроқ азоб чекишсин, қийинчиликлардан толиқишса-да, соф ижод қилишсин – қоладигани шу...
- Самарқанд адабий муҳитига фикрингиз...
- Ёшлардан умидим катта. Бошқалар ҳақида нима десам экан?! Қисқаси, “қозон-да бўлса, вақти келиб чўмичга чиқар!”
- Бир киши ҳам ижодкор, ҳам сиёсий арбоб бўла оладими?
- Мумкин. Ана “тирик” Чингиз Айтматов.
- Ижодкорлараро рақобатга муносабатингиз?
- Ҳасад аралашмаган рақобат ҳамиша яхши.
- Икки оғиз оилангиз ҳақида...
- Турмуш ўртоғим ҳамшира. Ўта саботли аёл. Ўғилларим Шерзод ва Беҳзод, қизларим Шаҳноза ва Шаҳлолар ҳали мактабда ўқишади.
- Янги романингизни битирибсиз. Сир бўлмаса...
- Роман “Дажжол”деб номланган. Асосий қаҳрамонларнинг кўпчилиги маҳбус ва қиморбозлар бўлиб, мададга муҳтож кишиларни ҳимоя қиламан дея, одам ўлдириб қўйишади. Асарнинг қизил чизиғи шу нуқтадан ўтган. Шуни айтишим керакки, бу романим на чет эл, на ўзбек детектив асарларига ўхшайди. Бу ерда бутунлай бошқа гап бор...
- Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Нодир Холбўтаев суҳбатлашди.
(1997 йил)