Чимкентда ўзбекистонлик талабаларнинг маҳаллий ёшлар томонидан калтаклангани ҳолати назоратга олинди
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга кўра, 2019 йил 21 сентабрь куни Чимкент шаҳридаги Минтақавий ижтимоий-инновацион университетда Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниязходжаев, Чимкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Университет ректори Сандибай Боранбаев, Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси ўринбосари Шерзод Пўлатов, Қозоғистон Халқ ассамблеясининг Чимкент шаҳри бўйича раиси ўринбосари Мурадали Халмурадов, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг «Дўстлик» этномаданий бирлашмалари ассоциацияси раиси Икрам Хашимджанов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Чимкент шаҳрида таълим олаётган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарларга қонуний чоралар кўриш ва келажакда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур профилактика тадбирларини ўтказиш борасида кўриладиган чоралар муҳокама қилинди.
Мавжуд муаммолар Чимкент шаҳри маҳаллий ҳокимияти билан биргаликда ҳал қилиниб, улар дипломатик ваколатхона фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизил Ўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16.