Чиқиндидан пул топаётган аёл

Каттақўрғон туманига хизмат сафарига борганимда чиқиндидан даромад қилаётган тадбиркор Гулмира Жумаева ҳақида эшитиб, суҳбатлашиш истаги пайдо бўлди.

- Кўп йил хорижда ишлаб, оила боқиш мақсадида чиқинди саралаш билан шуғулланганман, - дейди Г.Жумаева. – Дастлаб ўзим ҳам чиқинди саралаган бўлсам, кейинчалик корхонада иш бошқарувчи бўлиб ишладим. Юртимизга қайтиб келгач, чиқиндиларни полигонга олиб бориб, ёқиб юборишларини ёки кўмиб ташлашларини билиб, бу соҳада ишлаш ҳақида ўйлаб қолдим. Чиқиндидан иккиламчи хомашёларни саралаб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни  йўлга қўйишга қарор қилдим. Бу соҳада ишлаётган ташкилотларга бориб учрадим, кўпгина тадбиркорлар билан суҳбатлашдим. Бироқ кўпчилиги шу иш билан шуғулланишимга ишонмади. «Аёл киши экан, қўлидан келмайди, бир-икки ой ишлаб, ташлаб кетади», деб ўйлашди. Лекин мен танлаган йўлимдан қайтмадим. Шу йўл орқали нафақат оила боқишим, балки катта даромад топишимни билардим. 

Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун Гулмира Жумаева дастлаб «Анваржон бизнес инвест» МЧЖ кластери ташкил этиб, давлат-хусусий шерикчилик асосида «Тоза ҳудуд» МЧЖнинг Каттақўрғон тумани бўлимини хусусийлаштириб олди. 

Ўтган йили тадбиркор Нарпай ва Пахтачи туманларига ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Ҳозирда «Анваржон бизнес» МЧЖ корхонасининг 40 га яқин юк машиналари Каттақўрғон ва Нарпай тумани маҳаллаларига хизмат қилаётган бўлса, кластерга қарашли яна бир «Мансурбек қўрғон-бизнес» МЧЖ корхонаси Пахтачи туманидаги 59 маҳалла билан ишлайди. Бу ишда унга турмуш ўртоғи ва ўғилларидан ташқари яна 300 га яқин ишчи кўмак беряпти. 

Хитойдан чиқинди ташувчи, ортувчи махсус  техникалар, чиқинди йиғиш шохобчалари, контейнерлар, қайта ишлаш қурилмалари олиб келинди. Бу лойиҳалар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

- Шу вақтгача иш ва оилам билан ўралашиб, ўқимаган эдим, - дейди Гулмира Жумаева. – Айни пайтда олий маълумотли бўлиш истагида Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида сиртдан ўқияпман. Тадбиркорликнинг назарий жиҳатларини ҳам ўрганяпман.    

Сўзида собит, жасоратли Гулмира Жумаева чиқиндидан миллиардлаб даромад қилмоқда. Янги махсус машиналар, замонавий ускуналар харид қилмоқда.

 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.