"Чордара"дан чиққан халқ шоири
Хуршид Даврон 70 ёшга тўлди.
Самарқандда шоирлар кўп, лекин халқ шоири номига сазовор бўлган оташнафас адиб Хуршид Даврон билан бир туманда туғилганимиз фахрланишга арзигулик. Чунки унда ватанпарварлик туйғуси шунчалар кучлики, тарихга бой ўлкамиз ўтмиши билан қизиққанлар буни кўп бор эътироф этган.
Унинг катта адабиётга кириб келиши 1976 йили “Гулистон” журналида устоз шоир Эркин Воҳидовнинг “Оқ йўл”и билан бошланган бўлса-да, шеъриятга бўлган иштиёқ юрагига анча илгари кириб келганини шоирнинг ўзи шундай эслайди:
“...Бир пайтлари қишлоғимиз мозори ёнидаги ариқдан ҳатлаб ўтсангиз, улкан тепаликка дуч келардингиз. Болаликда ҳамма нарса катта туюларкан. Мен ҳозир ҳатлаб ўтсангиз дедим-у, аслида бу ариқ болалик пайтида каттакон сойдай, тепалик эса тоғдай бўлиб туюлгани ёдимда. Мана шу тоғдай тепаликка чиқиб варрак учирардик. Ҳар сафар бу тепалик устига чиққанимда олисдаги тоғларга тикилиб хаёл сургим келар, хаёл сурганим сайин йироқдаги тоғлар бутун ҳайбати ва залвори билан яқинлашар, охири уларнинг мовий қучоғига сингиб кетганимни билмай қолардим. Хуллас, ўша тепалигу олисдаги мовий тоғлар мени шоирга айлантирган бўлса ажабмас.”
“Мен Самарқанд яқинидаги қишлоқларнинг бири — Чордарада туғилганман, – деб ёзади адиб ўзининг хотираларида. – Мана шу қишлоқда она тарафдан бўлган бобомнинг қўрғони бўлган. Қўрғоннинг атрофини мевазору узумзорлар ўраб турган. Қўрғоннинг тўрт томонида дарвозалари бўлган, шу сабабдан бу жойни одамлар "Чордара" ("Тўрт эшикли","Тўрт дарвозали" маъносида) деб атай бошлашган. Вақт ўтиб, қўрғон атрофида шаклланган қишлоқ ҳам Чордара номини олган.”
Хуршид Даврон 1952 йилнинг 20 январида Самарқанд туманининг Чордара қишлоғида туғилган.
“Еттинчи синфда ўқиётган пайтларим шеър ёза бошладим, - деб ёзади шоир. - Аммо шеър ёзишимни ҳаммадан яширардим нима учундир, билмайман, уялардим. Барибир, кунлардан бир кун бу сир ошкор бўлди. Ўша пайтлар оқшом тушиши билан ўсмир юрагимда китобга, адабиётга меҳр уйғотган, она тили ва адабиёт муаллимаси бўлмиш Субуҳа холам (Аллоҳ раҳматига олсин) хонадонига йўл олардим. ...Холам қўлидаги қоғозларнинг бирини кўрсатиб: “Лекин, мана бунақа шеърлар ёзма”, – деди жиддий. Мен қайси шеър экан, деганча қоғозга тикилдим. Гўри Мирга бағишланган шеър экан. Эсимда қолган сатрлари:
Гўри Мир гумбази бор
Самарқанд ўртасида.
Унда Амир Темур ётар
Болалари ўртасида.
Бугун ўша пайтдаги шеърларимнинг нақадар жўн, ибтидоий бўлганини биламан. Аммо ўша пайтларда… Ўша пайтларда мен ҳали Амир Темур ҳақида ёзиш мумкин эмаслигини билмасдим.
Ўша сирим фош бўлган куни холам Гўри Мирга бағишланган “шеър”имни нега ёзганимни сўраб қолганида тушунтириб бера олардимми, йўқми, билмайман. Аниғи, тушунтириб беролмаган бўлардим. Мана, энди биламан: Соҳибқирон бобомизнинг номи тилга олинмаган ўша пайтлардаям халқ юраги, хотираси уни унутмагани учун ёзган эканман бу шеърни. Самарқанд ҳавоси бу шавкатли инсонга бўлган меҳр–муҳаббат билан тўйингани учун ёзган эканман болаларча хом бу сатрларни. Чунки мен ҳам ўша ҳаводан нафас олардим. Ҳамон шу ҳаводан нафас оламан…”
Хуршид Даврон ўрта мактабни тугатгач, 1969 йили Тошкент давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиди. 1971-1973 йиллар давомида ҳарбий хизматни ўтаб қайтганидан сўнг ўқишни давом эттирди ва кейин анча вақт турли нашриётларда меҳнат қилди.
Шоирнинг 1979 йили чоп этилган “Қадрдон қуёш” ва “Шаҳардаги олма дарахти” шеърий тўпламларидан сўнг “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987), “Самарқанд хаёли” (1991) китоблари нашр этилди.
Бундан ташқари, “Соҳибқирон набираси” (1995), “Шаҳидлар шоҳи” (1997) каби тарихий қиссалар, “Мирзо Улуғбек”, “Бобур шоҳ”, “Аврангзеб” каби тарихий мавзудаги драмалар муаллифи у.
Ҳар қандай инсон ҳақида у ўзи қайд этганичалик ҳаққоний фикрлар билдирилмаса керак. Шунинг учун Хуршид Даврон ҳаётини, ижодини, замонга ва маконга бўлган муносабатини ўзи айтган гаплари орқали очиб бериш тўғри ва қизиқарли бўлади. Биз бунда унинг хотиралари ва турли вақтларда журналистлар билан қилган суҳбатларидан фойдаланишни маъқул кўрдик.
Тарихий мавзуларга кўп мурожаат қилиш сабаби:
“Бунинг боиси энг аввало, Ватанни севишда деб ўйлайман. Умуман олганда, инсоннинг бу дунёда яшашдан муроду мақсади ҳам муҳаббатга боғлиқдир. Инсонни яратган ҳам муҳаббатдир. Аллоҳга сиғиниш замирида ҳам муҳаббат ётади. Кимнидир, ниманидир севган кишигина ижод қилиши, тўлақонли яшаши, нимагадир эришиши мумкин.
Тарихимизни билмасак, боболар меросидан хабарсиз бўлсак, яъни муҳаббатимизнинг манбаидан бебаҳра бўлсак, узоққа кетолмаймиз. Тарих юракларга ишонч ва умид қонини қуювчи, мозийни қайта яратиб, ҳаётимиз сарҳадларини кенгайтирувчи мўъжизадир. Унинг маънавий қудрати билан аждодларимизга ҳамдаму ҳамнафас бўламиз, қачонлардир бўлиб ўтган, аммо ҳанузгача бизни ҳаяжонга соладиган, фахр ва ғуруримизга сабабчи бўлган тарихий воқеалар дунёсига шерик бўламиз ва буларнинг барчаси Ватанни янада теран англашга, сидқидилдан севишга сабаб бўлади.”
Асарнинг тили ҳақида шоир шундай дейди:
“Ижодкор асарлари тилининг бойлиги унинг қаерда, қишлоқдами ёки шаҳарда туғилгани билан, ҳатто қайси вилоят, Сурхондарёнинг Деновидами ёки Сирдарёнинг Ховосидаги қишлоқда туғилгани билан ҳам боғлиқ бўлади. Халқ оғзаки меросидан кўпроқ баҳраманд бўлган Тоғай Муроднинг тили билан замонавий адабиёт хазинасини чуқур ўрганган Хуршид Дўстмуҳаммад тили ўртасида қанча фарқ бор? Ҳар икки адибнинг тили бой, аммо фарқли.”
Шоир адабий жараённинг ҳаётда тутган бугунги ўрни ҳақида куюнади:
“...Ўзбек адабиётининг энг ожиз томони, аввало, адабий жараён профессионаллашмаганида, яъни ижодкорлик асосий ҳаёт тарзига айланмаганида, у ҳамиша қандайдир иккинчи ўринда қолиб кетганида. Ижод ХХ аср (бугун ҳам) ўзбек ёзувчиси учун ҳамиша турмуш деган очофатдан кейинги ўринда турган. Сўз олдидаги бурч ва масъулият ҳақида адолатли ва чиройли гаплар айтиб, бу ҳолатдан кўз юмиш мумкиндир, аммо иситмаси ошкор қилаверади.
“Мойчироғу лампачироқ ёруғида шундай тенгсиз сатрлар ёзилган”, деймиз. Тузукроқ уй-жойсиз яшаган, ижод қилган Машрабу Муқимийни мисол келтирамиз. Аммо муайян маънода фаровон ҳаёт кечирган биргина Алишер Навоий қолдирган мерос гап айнан ижодкор қандай шароитда яшагани билан ҳам боғлиқлигини исботлайди.”
Хуршид Даврон ижодкорнинг эътиқоди ҳақида айрим “устоз”ларни аяб ўтирмайди:
“Ҳар қандай шоиру носирнинг иймону эътиқод, жасорату қатъиятсизлик ҳақидаги гапи билангина ижодкор хусусида тугал хулоса қилишга шошилмаслик керак. Мен юксак ва баландпарвоз гапларни қалаштириб ташлаган, аслида эса ҳаёт ва ижоднинг ҳар бир қадамида иродасизлик ёки юзсизлик қилган қанчадан қанча аҳли қаламни кўрганман. Шу сабабданми, менда “Ижодкорни узоқдан яхши кўриш керак”, деган тушунча шаклланган. Айрим ана шундай қанчалик истеъдодли бўлиши билан шунчалик майда бўлган қаламкашларни ҳам биламан. Биргина мисол келтирай: Бундан бир неча йил аввал, аниқроғи, “Ёшлик” телеканали бош директори бўлиб ишлаб юрганимда марҳум Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижоди ҳақида бир кўрсатув тайёрлаб, намойиш этилганда, бир катта шоиримиз, менга қўнғироқ қилиб, уятсизларча “Бу ўлганларни тинч қўясизларми, ҳадеб осмонга кўтаверасизларми?”, деб катта жанжал кўтарган эди. Ўзига бағишланган кўрсатувлар ҳафта-ю ойда берилаётганига қарамай, бошқалар ҳақида икки йилдами, тўрт йилдами бир кўрсатув берилишига тоқат қилолмаган бундай “устоз”ларни майда демай, нима дейиш мумкин? Бу уларнинг фақат оғизда юксак гапларни айтиб, амалда инсофу адолатга зид ишларни қилишга одатланганларини кўрсатади, холос.”
Ёш ижодкорларга шоирнинг қуйидаги маслаҳати ўгит вазифасини ўташи мумкин:
“Ёшлик, энг аввало, шаклланиш жараёнидир. Шунинг учун ёшлик мавсумида ғайбдан берилган қобилиятини тинимсиз изланиш билан уйғун эта олган ижодкоргина кўзлаган мақсадига етади, деб ўйлайман. Бу ўринда “изланиш”ни фақат қоғоз қоралаш деб тушунмаслик керак, бу, менинг назаримда, ҳаётни, табиатни, инсонни ўрганиш демакдир. Шу мақсадда ижодкор ўзидаги бор имкониятни сафарбар этмоғи; тили, кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковати унинг ўрганиши йўлида узлуксиз хизмат қилмоғи лозим. Ижоддан мурод ҳам битта – ўрганиш, изланиш!”
Ўтмишни ўрганиб, ёш авлодга ўргатгулик сабоқ:
“Тарихни ўрганиш орқага қараб юриш эмас, балки келажакка дадил интилиш учун босиб ўтган ҳаёт йўлингни мушоҳада этмакдир. Яна унутмаслик лозимки, фақат тарих билан ҳам яшаб бўлмайди: ҳадеб орқага қарайверсанг, қоқилиб, йиқилишинг мумкин. Бугун ҳам тарихнинг давоми эканини унутмайлик.
Нақшбандия тариқатида “Аждодларинг билан мақтанма” деган насиҳат мавжуд. Бу ҳикматда “Мақтанишдан олдин уларга муносиб бўл” деган маъно мужассам.”
Телевидениеда кўрсатувнинг бош қаҳрамонлари фақат артистлардан иборат бўлиб қолаётгани ҳақида шоирнинг фикри:
“...Мен узоқ вақт телевидение соҳасида ишладим. ...айрим телеканалларда деярли ҳамма кўрсатувларнинг бош қаҳрамонлари фақат артистлардан, ...иборат бўлиб қолаётгани жуда ачинарли ҳол. Тўғрисини айтай, кўпроқ миллий қадриятларимиз томонга қараш ўрнига асосан Ғарбга, Россия каналларига қараб иш тутишнинг натижаси бу. Бундай вазиятнинг пайдо бўлишига бевосита канал раҳбарлари айбдор деб ҳисоблайман. Аммо “Маънавият ва маърифат”, “Ўзбекистон” каналларида бу аҳволни кўрмаймиз. ...Халқимиз бир пайтлар артист деганда Ҳалима Носирова, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Ботир Зокировларни назарда тутган. Уларнинг анъаналарини давом эттиришни мақсад этган ёшлар йўқми? Бор! Болангизга музқаймоқ ёқади, аммо уни фақат музқаймоқ билан катта қилолмайсиз. Асрлар давомида еб юрган шовла, шўрва, ош билан катта қиласиз.
Бугунги енгил эстрада ана шу музқаймоққа ўхшайди. Бола ҳадеб музқаймоқ яласа, охир-оқибат касалга чалинади. Ана шу ҳақиқатни унутмаслик керак.
Хуршид Давроннинг ватанпарварлиги ҳақида гапирдик. Дарҳақиқат, унинг яратган образлари орасида Ватан образи алоҳида ўрин тутади.
Ҳар кимнинг ҳам бўлсин осмони,
Ўз гуллари бўлсин қалбининг.
Эркдай улуғ Ўзбекистони,
Чексизлиги бўлсин ҳар кимнинг.
Агар ушбу шеърнинг 1973 йилда ёзилганлигини ҳисобга олсак, ўша турғунлик йилларида “Эркдай улуғ Ўзбекистон” дейиш учун шоирга қанчалик жасорат керак бўлганлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Ушбу мақолани тайёрлаш вақтида иш столимга шоирнинг 1979 йилда чоп этилган биринчи китоби – “Қадрдон қуёш” номли шеърий тўпламини қўйдим. Мўъжазгина китобчанинг иккинчи бетида “Адашим Хуршидга, эзгу тилаклар билан, муаллиф” деган шоир дастхати бор. Шеъриятга қизиқишимни билиб, китобни шоирнинг синглиси – курсдошим Гулбаҳор Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ўқиб юрган кезларимиз тақдим этган. Орадан қирқ йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, китобни олгандаги қувончим кечагидек ёдимда.
Хуршид Нуруллаев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.