Самарқанд туманида спортга эътибор бериляптими?

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, айниқса, маҳалла ёшларининг оммавий спортга қамровини ошириш бугунги кунда муҳим. Хўш, Самарқанд туманида бу борада қандай ишлар қилиняпти, айни ёзги таътилда ёшлар спорт мусобақалари ва тўгаракларига жалб қилинганми?
Туман аҳолисининг 30 фоизи спорт билан шуғулланяпти
Туманда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) каби спортнинг устувор турларини оммалаштириш мақсадида 38 километр саломатлик, 38 километр велойўлак, 19 та “Workout”, 15 та стритбол майдончаси фойдаланишга топширилган. Шунингдек, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида 74 та маҳаллада тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Жумладан, кейинги пайтда маҳалла ва ташкилотларда ҳар куни эрталабки бадантарбия машғулотларини ташкил этиш одатга айлантирилган ва ҳафтанинг ҳар пайшанбаси спорт ва саломатлик куни сифатида белгиланиб, аҳоли ўртасида оммавий юриш, югуриш, велосипед пойгаси ва бошқа спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган элликка яқин спорт тадбирларида 6500 нафардан зиёд аҳолининг иштироки таъминланган. Умуман, туманда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижасида аҳолининг 30 фоизи оммавий спортга жалб қилинган.
“Долзарб 90 кун” лойиҳасига қанча ўқитувчи, мураббий жалб қилинган?
Жорий йилнинг 15 май куни Президентимиз раислигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишланган видеоселектор йиғилишида 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси эълон қилинган. Туман ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Бобохолов мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, маҳалла уюшмаси, туман ёшлар ишлари бўлимлари ҳамкорлигида уч ойга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, - дейди Ғ.Бобохолов. - Ушбу дастурга асосан тумандаги 54 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 40 мингдан ортиқ ўқувчи оммавий тадбирларга қамраб олиниши режалаштирилган ва айни пайтда тадбирлар юқори савияда ташкил этилмоқда. Бунинг учун маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда минг нафардан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар жалб қилинган. “Долзарб 90 кун” тадбирлари давомида 156 та танлов, 100 дан зиёд мусобақа ва 110 турдаги маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Спорт мактабида зал йўқ, уни қуриш учун лойиҳа бор. Аммо...
Туманда иккита спорт мактаби бўлиб, 127 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 4750 нафардан зиёд ўғил-қиз шуғулланади. Спортчиларнинг 60 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий, 30 нафари захира таркибига киритилган. Улар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат, Осиё, жаҳон кубоги ва чемпионатларида 60 та медаль қўлга киритилган. Муассасаларнинг ҳолатига келсак, 1-сон спорт мактабида шароит яхши. Футбол майдони, спорт зал, ринг, замонавий спорт жиҳозлари, кийиниш ва ювиниш хоналари спортчилар ихтиёрида. Бироқ икки минг нафардан зиёд спортчи шуғулланаётган 2-сон спорт мактабида спорт зал йўқ. Иншоотда футбол ва баскетбол бўйича фақат очиқ ҳавода машғулот ўтказиш мумкин.
Муассасамиз кичиклиги ва спорт зал йўқлиги учун машғулотлар умумтаълим мактабларда олиб бориляпти, - дейди спорт мактаби директори Ҳамидилло Нурманов. – Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида жорий йил туман ҳокимлиги томонидан Спорт вазирлигига 24х48 ўлчамли сендвич панелдан енгил конструкцияли спорт зал қуриш бўйича мурожаат қилинди. Маълум қилинишича, муассасамизга сендвич панелли спорт зал қуриш 2026 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг дастлабки рўйхатига киритилган ва келгуси йил фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Спорт майдончаларига нега масъул бириктирилмаган?
Вилоятда соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Спорт вазирлиги томонидан ва “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ёшлар маҳалласига 115 та спорт майдончаси қуриб берилган. Уларнинг олтитаси Самарқанд туманининг Газчилар, Қумзор, Юқори Туркман, Захлик, Сўлфакабўтак ва Миронқул маҳаллаларида жойлашган. Ушбу соғломлаштириш масканларининг ҳолати билан танишиб, ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтаётганига амин бўлдик, бироқ дилни хира қулувчи ҳолатларга ҳам дуч келдик.
Жумладан, туманнинг Захлик маҳалласи марказида барпо этилган спорт майдончасида ёшларнинг футбол, волейбол, баскетбол спорт турлари билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Бироқ маҳалла фаоллари томонидан спорт майдончасига масъул бириктирилмагани боис қаровсиз қолдирилган. Натижада иншоот ва унинг атрофига чиқиндилар ташланган. Бунинг устига ҳудуддаги ўралмаган футбол майдони атрофида чорва молларининг боқилаётганига гувоҳ бўлдик.
Фазлидин РЎЗИБОЕВ.