5 минг қадам, ғайратли кексалар, уч авлод учрашуви...

Самарқанд туманининг Нурафшон, Саховат, Арабхона ва Хишрав маҳаллаларида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган тадбирлар ўтказилди.

Дастлаб ушбу маҳаллаларда яшовчи аҳоли “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” марафонида иштирок этди. Сўнгра турли спорт мусобақаларига старт берилди. Футбол, волейбол, баскетбол бўйича ёшлар ўртасидаги баҳслар ва кўргазмали спорт чиқишлари иштирокчиларни бир жойга жамлади.

“Ғайратли кексалар” шиори остидаги кураш беллашуви эса янада кўтаринки руҳда ўтди. Унда 70-80 ёшли кексалар ўзларини кураш гиламида синаб кўришди.  

Маҳаллаларда ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” ҳам ўзининг одамларни ибратли ва хайрли ишларга чорловчи тадбир сифатида ўтгани билан эсда қолди. Учрашувда нуроний отахон ва онахонлар, ўрта ёш вакиллари ҳамда ёшлар бир давра атрофида йиғилиб, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди, самимий суҳбатлашди.

 - Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга бағишланган ушбу тадбирлар доирасида Нурафшон, Саховат, Арабхона, Хишрав, Урганжи, Дўстлик ҳамда Ўрта Туркман маҳаллалари фуқаролари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ўтказилди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Бобохолов. – Унда малакали шифокорлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатди. Умуман, ҳокимлик ташаббуси билан ташкил этилган тадбир ва мусобақаларда аҳоли фаол иштирок этди. Улар ўзларининг ғайрат-шижоати, спортдаги маҳорати ва бардамлигини кўрсатишди. Беллашувлар давомида иштирокчилар нафақат куч ва маҳоратда, балки дўстлик ва аҳилликда ҳам ўзаро баҳслашди.

Тадбир якунида фаол иштирок этган спортчиларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди. Тақдирлаш маросимида кекса иштирокчиларнинг ёшлар учун ибратли ҳаёт йўли, соғлом турмуш тарзига бўлган садоқати ва спортга қизиқиши алоҳида эътироф этилди.

Тадбирлар Арабхона маҳалласидаги спорт майдонида санъаткорлар ижросидаги гала-концерт билан якунланди.